Февралда бизнес фаоллиги сезиларли даражада жонланди — ИТИМ

Bugun 10:532 daqiqa

Ўзбекистонда феврал ойида ишбилармонлик фаоллиги жадал ўсиб, банк операциялари, биржа савдолари ва янги корхоналар сонида юқори кўрсаткичлар қайд этилди.

Февралда бизнес фаоллиги сезиларли даражада жонланди — ИТИМ

2026 йил феврал ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси 1124 бирликни ташкил этиб, январга нисбатан 12,4 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,2 фоизга ошди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.

Асосий ўсиш манбалари

Ўтган ойда корхоналарнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони 22 фоизга кўпайди. Шунингдек, товар-хом ашё биржасида хомашё харидлари 10,6 фоизга ўсди. Фаолият юритаётган корхоналар сони 0,9 фоизга, товар белгилари эса 9,4 фоизга ортган.

1

Ҳудудий кесимда ҳам юқори ўсиш кузатилди. Хусусан, Андижон (44,8 фоиз), Сирдарё (41,7 фоиз), Тошкент (33,3 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (28,2 фоиз) ишбилармонлик фаоллиги сезиларли ошди. Фақат Қорақалпоғистонда кўрсаткич 0,5 фоизга камайган.

2

Тўловлар ва транзаксиялар ўсиши

Февралда банклараро тўлов операциялари сони 6,7 миллионтадан ошиб, январга нисбатан 22 фоизга кўпайди. Айниқса, Тошкент шаҳри (24,1 фоиз), Сурхондарё (23,3 фоиз), Самарқанд (21,4 фоиз) ва Навоий вилоятида пул ўтказмалари кескин ошган.

Шу билан бирга, айрим ҳудудларда пасайиш ҳам қайд этилди. Жумладан, Сирдарёда 8,1 фоизга, Қорақалпоғистонда эса 1,6 фоизга камайиш кузатилди.

Биржа савдоларида ҳам ижобий динамика сақланди. Савдо ҳажми 10,6 фоизга, битимлар сони эса 36,2 фоизга ошди. Бироқ ҳар бир битим бўйича ўртача товар ҳажми 15,1 фоизга қисқарган.

Янги бизнеслар кўпаймоқда

Февраль ойида 4 079 та янги корхона ташкил этилди. Натижада жами компаниялар сони 508,5 мингтага етди. Йирик корхоналар 51 тага кўпайиб, 4 161 тага етган.

Кичик бизнес субъектлари сони 3,9 мингтага ошиб, 415,1 мингтага етди. Фермер хўжаликлари ҳам 36 тага кўпайиб, умумий сони 89,2 мингтани ташкил этди.

Умуман олганда, февраль ойида қайд этилган кўрсаткичлар мамлакатда иқтисодий фаоллик тикланаётгани ва бизнес муҳитида ижобий ўзгаришлар давом этаётганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, январ ойида ҳам Ўзбекистонда бизнес фаоллиги барқарор ўсиш тенденциясини бошдан кечирган эди. Ўтган ойда солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,2 фоизга, божхона тўловлари йиллик ҳисобда 19,8 фоизга ўсган.

Teglar

Mavzuga oid