add

ФИФА Россияга нисбатан чекловларни бекор қилишни кун тартибига қўймоқчи эмас

Bugun 17:042 daqiqa

Халқаро футбол федерацияси Россияга қўйилган чекловлар бўйича овоз беришни режалаштирмаяпти, масала ҳозирча муҳокамадан ташқари қолмоқда.

ФИФА Россияга нисбатан чекловларни бекор қилишни кун тартибига қўймоқчи эмас

ФИФА Россияга нисбатан жорий этилган санкцияларни бекор қилиш масаласини муҳокама қилиш ёки овозга қўйишни яқин келажакда режалаштирмаяпти, деб ёзмоқда «The Times» нашри. Нашр манбаларига кўра, ташкилот раҳбарияти бу мавзуда ҳозирча сиёсий ва спорт шароитлари ўзгармаганини ҳисобга олиб, кун тартибига чиқаришни мақсадга мувофиқ деб билмаяпти.

Аввалроқ ФИФА президенти Жанни Инфатинонинг Россияга футбол клубларига нисбатан жорий этилган чекловларни бекор қилиб, уларни еврокубокларга қайтариш фурсати етгани ҳақидаги чиқиши катта резонанс келтириб чиқарган эди.

Россия терма жамоалари ва клублари 2022 йил 28 февралдан буён халқаро мусобақалардан четлатилган. Чекловлар футболчиларнинг жинси ёки ёшига қарамасдан, барча расмий турнирларга татбиқ этилган. Қарор Украинадаги уруш фонида қабул қилинган ва муддатсиз характерга эга.

Шу билан бирга, ФИФА доирасида масалани қайта кўриб чиқиш бўйича расмий ташаббуслар мавжуд эмас. Манбалар бу ҳолатни халқаро футбол ҳамжамиятида ягона позиция шаклланмагани билан изоҳламоқда.

УЕФАдаги зиддиятлар

УЕФА доирасида Россия масаласи бир неча бор муҳокама қилинган. 2023 йил сентябрда ижроқўм Россиянинг 17 ёшгача бўлган қизлар ва ўғил болалар терма жамоаларини халқаро мусобақаларга қайтаришга розилик берган эди. Аммо бир ой ўтиб, қарор техник ечим йўқлиги баҳонаси билан бекор қилинди.

«The Independent» маълумотларига кўра, бу қарор УЕФА раҳбарияти ичида жиддий бўлинишга сабаб бўлган. 2024 йил сентябрда ҳам масала яна кўтарилган, аммо Украина футбол ассоциацияси президенти Андрей Шевченко ушбу ташаббусга кескин қарши чиққан.

Шу билан бирга, Россия ҳудудида УЕФА ривожланиш турнирлари ўтказилиб келинмоқда. Уларда ёшлар терма жамоалари ўз байроғи ва мадҳияси остида иштирок этяпти, турнирларнинг бир қисми УЕФА томонидан молиялаштирилади.

Халқаро тенденция

2025 йил декабрида Халқаро олимпия қўмитаси халқаро федерацияларга Россия ва Беларус ёш спортчиларини айрим турларда байроқ ва мадҳия билан қатнашишга рухсат беришни тавсия қилди. Бу чақириққа ўндан ортиқ федерация жавоб берди. Дзюдо ва самбо федерациялари эса бу йўлни анча олдин танлаган.

Бироқ футболда вазият анча мураккаб. Экспертлар фикрича, ФИФА ва УЕФА қарорлари нафақат спорт, балки геосиёсий омилларга ҳам боғлиқ. Шу сабаб Россиянинг халқаро футболга тўлиқ қайтиши яқин вақтда эҳтимоли паст сценарий сифатида баҳоланмоқда.

Teglar

Mavzuga oid