Германия президенти Ўзбекистонга ташриф буюради
Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер Осиё сафари доирасида Ўзбекистонга ҳам келади.
© prezident.uzГермания президенти Франк-Валтер Штайнмайер Осиё бўйлаб расмий сафари доирасида Ўзбекистонга ташриф буюради. Сафар беш кун давом этади ва унинг доирасида президент Индонезия, Филиппин ҳамда Ўзбекистонда бўлиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарига турмуш ўртоғи ҳамда Германиянинг турли соҳаларда фаолият юритувчи компаниялари вакилларидан иборат бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилади. Бу ташриф икки давлат ўртасидаги иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши кутилмоқда.
Меҳнат миграцияси
Тошкентда Германия президенти Германиянинг қурилиш соҳасидаги йирик компанияларидан бири бўлган «GP Gunter Papenburg» филиали фаолияти билан танишади. Бу лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг амалий намунаси сифатида баҳоланмоқда.
Ташриф кун тартибидаги асосий мавзулардан бири малакали меҳнат миграцияси бўлиши кутилмоқда. Сўнгги йилларда Германия меҳнат бозорида мутахассисларга бўлган талаб ортиб бораётгани сабабли Ўзбекистон билан бу соҳадаги ҳамкорликка катта аҳамият қаратмоқда.





