
Глобал мис тақчиллиги: таклиф камайиши нархларни рекорд даражага чиқарди
Глобал миқёсда таклифнинг камайиши ва электромобиллар ҳамда энергетика соҳасидаги юқори талаб фонида мис нархи шиддат билан кўтарилиб, иқтисодий кўрсаткичлар бўйича тарихий максимал даражага етди.

Лондон металл биржасида (LME) миснинг уч ойлик фючерслари қиймати тарихда илк бор бир тонна учун 12 059 долларга етди. Жорий йил бошидан буён ушбу металлнинг нархи қарийб 37 фоизга ошган бўлиб, агар бу суръат сақланиб қолса, 2009 йилдан кейинги энг сезиларли йиллик ўсиш кузатилиши мумкин.
Дунё бозоридаги нархларнинг бундай кескин кўтарилишига бир нечта йирик конлардаги қазиб олиш ишларида юзага келган техник муаммолар ва халқаро савдо сиёсатидаги ўзгаришлар асосий сабаб бўлмоқда.
Хусусан, АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан амалга оширилаётган тариф сиёсати ва мис импортига божлар жорий этилиши эҳтимоли савдо оқимларини қайта шакллантирмоқда. Қўшма Штатлар металл импортини сезиларли даражада оширгани сабабли, бошқа мамлакатлардаги қайта ишлаш корхоналари хом ашё учун кескин рақобатга киришишга мажбур бўлди. Бу эса бозорда таъминот занжирининг издан чиқишига ва нархларнинг сунъий равишда юқорилашига олиб келмоқда.
Шу билан бирга, Чили ва Перу каби йирик экспортчи давлатлардаги конларда ишнинг тўхтаб қолиши ҳамда Индонезиядаги янги лойиҳаларнинг кечикиши дунё бўйича ишлаб чиқаришни 8-12 фоизга камайтириб юборди. Янги конларни ишга тушириш суръати пастлигича қолмоқда, бу эса мис концентратининг глобал танқислигини янада кучайтирмоқда. Хитойдаги мис эритиш заводларининг хом ашё тақчиллиги сабабли қайта ишлаш тарифларини минимал даражага туширгани ҳам вазият жиддий эканидан далолат беради.
Иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, электромобиллар, дата марказлари ва қайта тикланувчи энергия инфратузилмаси томонидан мисга бўлган талаб барқарор равишда ошиб боради. Goldman Sachs прогнозига кўра, 2030 йилгача мис истеъмоли 60 фоиздан зиёдга ўсиши кутилмоқда.
Ўзбекистон мис экспорти бўйича Россия ва Қозоғистондан сўнг МДҲда учинчи ўринда туради. Лекин дунёдаги топ-10 таликка кирмайди.
2024 йил якунлари бўйича дунёдаги мис экспорти бўйича етаки давлатлар қуйидагилар:
1. Чили (20,6 млрд доллар);
2. Германия (15,10 млрд доллар);
3. Хитой (14,04 млрд доллар);
4. Япония (13,37 млрд доллар);
5. АҚШ (12,22 млрд доллар);
6. Замбия (7,59 млрд доллар);
7. Италия (5,94 млрд доллар);
8. Полша (5,84 млрд доллар);
9. Жанубий Корея (5,76 млрд доллар);
10. Россия (5,24 млрд доллар).
Аввалроқ ҳам мис нархи 4 йиллик сукунатдан сўнг кескин ўса бошлагани ҳақдида таҳлилий мақола эълон қилган эдик.





