
Google электрон почта манзилини аккаунтни йўқотмасдан ўзгартиришга рухсат беради
Google Gmail манзилини ўзгартириш имконини синовдан ўтказмоқда: аккаунт, хатлар ва барча маълумотлар сақланган ҳолда янги почтага ўтиш мумкин бўлади.

Google кўп йиллардан бери фойдаланувчиларни қийнаб келган муаммони ҳал қилишга яқинлашди. Компания Gmail манзилини ўзгартиришга имкон берувчи янги функцияни яширин тарзда синовдан ўтказмоқда. Энди кулгили ёки ноқулай электрон почта манзили билан яшашга ҳожат қолмаслиги мумкин.
Янги имконият орқали фойдаланувчи ўзининг @gmail.com манзилини янгисига алмаштиради, аммо аккаунт тўлиқ сақланиб қолади. Барча хатлар, Google Drive файллари, Google Photos суратлари, контактлар ва YouTube тарихи ўз ўрнида қолади.
Энг муҳими, эски почта манзили йўқолиб кетмайди. У автоматик равишда псевдонимга айланади. Яъни, эски манзилга юборилган хатлар ҳам янги почта қутисига келаверади. Шунингдек, аккаунтга киришда эски манзилдан ҳам фойдаланиш мумкин бўлади.
Бугунгача Gmail манзилини алмаштиришнинг ягона йўли янги аккаунт очиш эди. Бу эса маълумотларни қўлда кўчириш, хизматларга қайта уланиш ва айрим маълумотларни йўқотиш хавфини келтириб чиқарарди.
Бироқ айрим чекловлар ҳам мавжуд. Манзилни ўзгартиргандан сўнг, кейинги 12 ой давомида уни яна алмаштириб бўлмайди. Янги танланган манзилни бутунлай ўчириш имкони ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, фойдаланувчи исталган пайтда эски манзилига қайтиши мумкин.
Ҳозирча ушбу янгиланган қоидалар фақат ҳинд тилидаги Google ёрдам саҳифаларида пайдо бўлган. Бу функция дастлаб Ҳиндистон ёки айрим бозорларда ишга туширилиши, кейин эса бошқа давлатларга кенгайтирилиши мумкинлигини кўрсатади. Google расмий муддатларни ҳозирча очиқламаган.

