Logo

Ҳафталик нархлар: бозорда вазият қандай?

Бозорда сабзавотлар қимматлаган бир пайтда, мевалар арзонлаган. Гўшт нархлари ҳам юқорилаб, энг қиммат гўшт Тошкентда, ҳудудлар орасида эса Марғилонда сотилмоқда.

Ҳафталик нархлар: бозорда вазият қандай?

23-сентябр ҳолатига кўра, сабзавотлар, хусусан, помидор ва сабзи каби кундалик истеъмолдаги маҳсулотлар нархи 3,5 фоизгача ошди. Бироқ мевалар бозорида мавсумий омиллар сабаб олма, нок, лимон ҳамда узум каби мевалар нархи аксинча пасайди.

Vaqt.uz Марказий банкнинг «narxtahlil.uz» платформаси маълумотлари асосида ҳафталик озиқ-овқат нархларини мунтазам ўрганиб боради.

Асосий маҳсулотлар

Кундалик харид қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархида катта ўзгариш кузатилмади. Ҳафта давомида кунгабоқар ва пахта ёғи 0,2 фоизга қимматлади. Кунгабоқар ёғи 21 минг 467 сўм бўлса, пахта ёғи 20 минг 252 сўмдан сотилмоқда.

Ун сегментида эса олий ва биринчи навли ун нархи ҳам барқарор ҳолатда. Хусусан, бу ҳафта биринчи навли ун нархи 6 минг 241 сўм бўлиб, ўзгаришсиз қолди. Бозорда биринчи навли ундан тайёрланадиган ноннинг ўртача нархи 4 минг сўмдан сотилмоқда.

Тухум нархи бошқа маҳсулотларга қараганда кўпроқ ошиб, 1,9 фоизга қимматлади ва 10 донаси 12 минг 138 сўмга етди.

Гуруч ва шакар нархида эса турлича ўзгариш бўлди. Гуручнинг килограмми 15,9 минг сўмга етган бўлса, шакар нархи 12 минг 731 сўмга тушиб, 0,7 фоизга арзонлади.

IMG_20260930_114932


Сабзавотлар

Сабзавотлар нархида ўтган даврда турли йўналиш бўлди. Помидор қимматлашган бўлса, бодринг нархи иккинчи ҳафтадирки пасаймоқда. Помидор нархи 3,5 фоизга ошиб, килограмми 8,82 минг сўмга етди. Бодринг эса 0,7 фоизга арзонлаб, 7 минг 436 сўмдан сотилмоқда.

Картошка ва пиёзда эса нархлар мос равишда 1,8 ва 1,4 фоизга кўтарилиб, уларнинг килограмми 4 минг 643 ва 2 минг 686 сўмга етган.

Бақлажон нархи 2,1 фоизга ошиб, килограмми 5 минг 529 сўмга етди. Булғор қалампири ва сабзи эса бир хил суръатда қимматлаб, иккаласининг нархи 1,6 фоиздан кўтарилди. Булғор қалампирининг килограмми 8,91 минг сўмга, сабзиники эса 5 минг 471 сўмга етган.

Умуман, сабзавотларда нархлар асосан юқорилаган бўлса-да, бодрингнинг кетма-кет иккинчи ҳафта арзонлаши бозордаги умумий йўналишдан фарқ қилмоқда.

IMG_20260930_115226

Мевалар

Мевалар нархи август ойидан буён пасаймоқда. Олма нархи 1,6 фоизга арзонлаб, килограмми 11 минг 800 сўмга тушган бўлса, нок 0,3 фоизга пасайиб, 18 минг 216 сўмдан сотилмоқда.

Узумда ҳам нарх пасайди. Ўтган ҳафта килограмми 12 минг 309 сўмдан сотилган узум нархи бу сафар 0,7 фоизга арзонлаб, 12 минг 219 сўм бўлди.

Лимон нархида эса пасайиш янада катта бўлди. Бир килограмми 43 минг 904 сўмдан сотилаётган лимон нархи 4 фоизга арзонлади. Бунга кузги мавсумда маҳаллий иссиқхоналардаги ҳосилнинг бозорга кўпроқ чиқиши сабаб бўлиши мумкин. Таклифнинг ортиши эса импортга эҳтиёжни камайтириб, нархнинг пасайишига олиб келиши мумкин.

IMG_20260930_115657

Ҳудудларда гўшт нархи қанча?

16-23-сентябр ҳолатига кўра, гўшт маҳсулотлари нархи бироз қимматлади. Хусусан, мол гўшти 0,6 фоизга ошиб, килограмми ўртача 124 минг 383 сўмга етган бўлса, қўй гўшти 0,5 фоизга қимматлаб, 135 минг 774 сўмдан сотилди. Шу тариқа, қўй гўшти мол гўштидан ўртача 11 минг 391 сўм қимматроқ.

IMG_20260930_123134

Жадвал narxtahlil.uz платформасидаги маълумотлар асосида тайёрланди.

Мол гўшти нархи ҳудудларга қараб турлича шаклланган. Вилоятлар орасида энг катта қимматлашув Фарғонада бўлиб, нарх 2,86 фоизга ошган. Тошкент шаҳрида эса бир килограмм мол гўшти 133 минг 73 сўмдан сотилиб, энг юқори нарх қайд этилган ҳудуд бўлди. Қорақалпоғистонда эса мол гўшти 114 минг 566 сўм билан энг арзон нархлардан бирида қолган.

Шу тариқа, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон ўртасидаги фарқ 18 минг 507 сўмга етган. Яъни, пойтахтда бир килограмм мол гўшти Қорақалпоғистондагидан қарийб 16 фоиз қимматроқ.

Бошқа ҳудудларда ҳам нархлар бир хил ўзгармаган. Андижонда мол гўшти 126 минг 184 сўмга, Қашқадарёда 126 минг 498 сўмга етган бўлса, Навоийда 120 минг 891 сўмдан сотилган. Самарқанд, Бухоро ва Жиззахда эса ҳафта давомида нарх деярли ўзгармаган.

Туман ва шаҳарлар кесимида нархлар ўртасидаги тафовут янада каттароқ. Ҳафта давомида энг қиммат мол гўшти Марғилон шаҳрида бўлиб, килограмми 139 минг сўмдан сотилган. Энг паст нарх Томди туманида 98 минг 750 сўмни ташкил қилган. Таққослаш учун, Марғилонда 2 килограмм гўштга тўланадиган пулга Томди туманида қарийб 3 килограмм гўшт харид қилиш мумкин.

Ҳафталик ўзгаришда ҳам Фарғона ҳудудлари ажралиб туради. Марғилон шаҳрида мол гўшти 4,9 фоизга, Фарғона шаҳрида 4,7 фоизга қимматлаган. Аксинча, Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида нарх 0,7 фоизга пасайган.

Умуман, ҳафта давомида мол гўшти нархи ҳудудларнинг аксариятида юқорилаган. Бироқ нархнинг ўзи ҳам, унинг ҳафталик ўзгариши ҳам жойига қараб фарқ қилмоқда. Айниқса, туман ва шаҳарлар кесимида энг қиммат ва энг арзон нарх ўртасидаги фарқ 40 минг сўмдан ошган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 9-16-сентябр ҳолатидаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларидаги ўзгаришларни ҳам таҳлил қилган эдик.

Teglar

Mavzuga oid