Ҳам айтамиз, ҳам қайтамиз — Тошкентга қайтган панжаралар

Kecha 17:555 daqiqa

Пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва пиёдалар билан боғлиқ бўлган ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида олиб ташланган темир панжаралар орадан 8 йил ўтиб яна шу сабаб билан қайта ўрнатилди. Қайта қўйилаётган бу тўсиқлар учун давлат бюджети ҳисобидан 7 млрд сўмга яқин пул сарфлангани айтилмоқда.



Тўсиқларнинг қайта ўрнатилиши ва унга йирик маблағ сарфланиши жамоатчиликда аниқ саволларни келтириб чиқарди. Хўш, бу қарорнинг асоси нимада? Нега илгари самарасиз деб топилган чоралар бугун яна кун тартибига чиқди?

Бу ишларга бош-қош деб шаҳар ҳокимлигини айтиш мумкин. Аммо VAQT.UZ журналистининг саволига пойтахт ҳокимлиги масъуллари аниқ жавоб бермади. Улар бу масала юзасидан маълумотни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бериши мумкинлигини билдирди. Буёғи «отанга бор, онанга бор», деганидек: Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу масалага пойтахт ИИББ масъул деса, улар асосий ташаббускор сифатида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини кўрсатди. «ГАИ» ходимлари эса барча маълумотларни қарор қабул қилган шаҳар ҳокимлигидан олиш мумкинлигини айтиш билан чекланди.

Ваҳоланки, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 2025 йил 25 июлдаги қарорида мазкур ишларнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарлари Бахтиёр Раҳмонoв ва Бахтиёр Ҳайдаров зиммасига юклатилган эди.

Охир-оқибат, бу тўсиқлар нега олингани ва нега яна қайта қўйилаётгани ҳақидаги саволимиз очиқ қолди. Панжаралар аллақачон шаҳар кўчалари бўйлаб ўрнатилишни бошлаган.

Панжаралар олиб ташланаётганида ёки ҳозир қайта ўрнатилишидан олдин бу масала атрофлича кўриб чиқилганми, мутахассислар билан маслаҳат қилинганми ва энг муҳими, ҳайдовчилар фикри олинганми — бу бизга қоронғу.

Аммо ҳолат юзасидан ҳайдовчилар фикрини ҳам сўрадик. Уларнинг баъзилари панжаранинг яхши томонлари борлигини, ЙТҲларнинг олдини олишини айтса, бошқалари эса айнан шу тўсиқ сабаб аварияга учраганини таъкидлади.

Шунингдек, бир респондент бу ишлар ҳақида жамоатчилик фикри ўрганилганми, дея бизни ҳам саволга тутди. Қолаверса, ўрнатилаётган тўсиқлар сифатсиз эканидан норозилик билдирганлар ҳам бўлди.

Панжаралар ўрнатиш масаласи бугун маълум бўлиб қолгани йўқ. Аслида, 2025 йил май ойида Тошкент шаҳар ҳокими Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан темир панжаралар ўрнатиш учун 6,9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Қайд этилишича, темир тўсиқларни ўрнатадиган пудратчи — «Qarshi Stroy Sentr» компанияси. Компания 2025 йил 10–28 ноябрь кунлари Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги «Ягона буюртмачи хизмати» томонидан ўтказилган тўсиқ ўрнатиш бўйича тендерда ғолиб бўлган. Тендер натижаларига кўра, «Qarshi Stroy Sentr» энг юқори балл тўплаган ҳолда ғолиб деб топилган ва 6 миллиард 6 миллион 446 минг 265,20 сўмга (ҚҚС билан) 90 кун ичида қурилиш ишларини бажариш мажбуриятини олган. Ишлар бошланган.

 

Темир тўсиқлар ўрнатиладиган кўчалар

Gazeta.uz танишган ҳужжатларга кўра, қуйидаги кўчаларда металл панжаралар ўрнатилади:

— Ислом Каримов кўчасида — «Халқлар дўстлиги» саройидан Вазирлар маҳкамасигача бўлган бутун қисм бўйлаб (1,8 км);

— Мирзо Улуғбек кўчасида — Дўрмон йўли ва Феруза кўчалари оралиғида, 6-поликлиникадан Гинекология институтигача бўлган қисмида (1,6 км);

— Феруза ва Юзработ кўчаларида — Экобозордан темирйўл линиясигача (3,55 км);

— Миробод кўчасида — Шота Руставели ва Афросиёб кўчалари оралиғида, «Гранд Мир» меҳмонхонасидан Ўзбекистон ИИВ биносигача бўлган қисмида (1,45 км);

— Сағбон кўчасида — «Чорсу» бозори рўпарасида (1,2 км);

— Янгишаҳар кўчасида — Аҳмад Дониш ва Янги Юнусобод кўчалари оралиғида, Юнусобод деҳқон бозори рўпараси (1,1 км);

— Алишер Навоий ва Беруний кўчаларида — Фурқат кўчасидан Озод кўчасигача, «Кўкалдош» мадрасаси рўпарасида (1,75 км).

Йўл четлари бўйлаб тўсиқлар қуйидаги кўчаларда ўрнатилади:

— Тошкент ҳалқа йўлида — Педагогика институти (700 м) ва Ўзбекистон жаҳон тиллари университети (600 м) рўпарасида.

Тўрсимон панжаралар («Еврозабор» тури) ўрнатилади:

— Бектемир шоҳкўчаси маркази бўйлаб, Қўйлиқ бозори рўпарасидаги ТҲАЙ кўпригида (250 м);

— Қорақамиш кўчаси 1-уйда — Қуш бозори бозори рўпараси (1,4 км);

— Авиасозлар кўчасида — «Авиасозлар» бозори рўпарасида (300 м);

— ТҲАЙда — Ибн Сино массивининг рўпарасида (2 км);

— «Фаввора» ресторани рўпарасидаги ТҲАЙ йўлининг четлари бўйлаб, «Сассиқ» кўпригининг Қўйлиқ томон (200 м) қисмида;

— Янги Сергели кўчасида — автомобиль бозори рўпарасида (250 м).

Яна бир эътиборга молик ҳолат Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида кузатилди. Шу номдаги кўчада йўлни ажратиб турувчи панжаралар ўрнатилганидан атиги бир ҳафта ўтиб, демонтаж қилинди.

Маълумотга кўра, панжара белгиланган меъёрий баландликка мос келмагани сабаб олиб ташланган. Уни қайта, белгиланган талабларга мувофиқ тарзда ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, айни пайтда Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва пойтахт ҳокимлиги ҳам вазият юзасидан расмий муносабат билдирмаган. Бироқ айрим ҳудудларда ишлар вақтинча тўхтатилгани маълум.

Бу қарор кўплаб жамоатчилик вакиллари ва журналистлар танқидига учради. Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида шундай ёзди:

«Дастуримизни жиннихона янгиликлари билан давом эттирамиз: Тошкентда йўл ўрталарига яна панжаралар ўрнатилиши бошланган эди, энди ўша панжараларни бузиб чиқишибди — яна қайта ўрнатиш учун. Уларни 2017–2018 йилларда ҳаракат хавфсизлигига халақит бергани, одамларни уриб юбориш билан боғлиқ ЙТҲларга сабаб бўлгани учун оммавий равишда олиб ташлашган эди. Ишқилиб, ким(лар)дир соққа қиляпти (шекилли)».

Шунингдек, журналист Шуҳрат Шокиржонов ҳам бу масалага ўз фикрини билдирди.

«Панжаралар пиёдалар ҳаёти ва саломатлигини асрайди», деган важ  — мутлақо асосга эга бўлмаган умуман нотўғри важ. Панжаралар борлиги учун ҳайдовчиларнинг ўзига ишончи ортади, тезроқ ҳайдайди ва зебралар учун очилган жойда пиёдаларни уриб юбориш кўпаяди. Айниқса ёш болаларни. Чунки панжаралар рўпарадан қаралса очиқдек, аммо йўл бўйлаб ҳаракатланиб келишда «обзор»ни ёпади.

Ҳа, йўл ўртаси очиқ турганда пиёдалар қоидани бузиб исталган жойдан кесиб ўтиши мумкин. Лекин ҳайдовчилар бу ҳолатда узоқдан уларни пайқаб реакция қилишарди.  Бунақа панжара билан ҳар битта «зебра»га светофор ўрнатиш керак. Бу эса барибир тезликнинг камайишига олиб келади.

Оддий нарсани тушунмайди, бизнинг дундуклар ва бу ҳолатда «фақат соққа учун қилиняпти», деган версия энг жонли версия бўлиб кўринаверади…»

Хулоса қилиб айтганда, пойтахт марказий кўчаларида яна пайдо бўлаётган металл тўсиқлар қанча муддат сақланиб қолиши ҳозирча номаълум. Аммо бир нарса аниқ: бу лойиҳа учун миллиардлаб сўм маблағ ажратилган ва ишлар аллақачон бошланган.

Айни пайтда масалага масъул идоралардан аниқ ва батафсил изоҳ берилмагани вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Ҳокимлик ҳам, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам қарор сабабларига оид аниқ таҳлил ва асосларни очиқламаган. Натижада, энг муҳим савол — панжаралар нега ўз вақтида олиб ташлангани ва бугун айнан қандай янги ҳисоб-китоблар асосида яна қайта ўрнатилаётгани — жавобсиз қолмоқда.

Бу қарор қандай таҳлил, қандай статистика ва қандай эксперт хулосаларига таянган ҳолда қабул қилингани очиқ-ойдин тушунтирилгани йўқ. Таҳририятнинг расмий изоҳ олишга бўлган уринишлари эса бир идорадан бошқасига йўналтириш билан якунланди. Натижада, жамоатчиликни қизиқтираётган энг муҳим саволлар очиқ қолмоқда.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 23

Barchasi

Mavzuga oid