Илон Маск: «Яқин келажакда одамларнинг ишлашига эҳтиёж қолмайди»
Tesla асосчиси Илон Маск фикрича, сунъий интеллект ва роботлар яқин йилларда деярли барча иш ўринларини эгаллаб, инсон меҳнатини ихтиёрий фаолиятга айлантиради.

Tesla ҳамда X компаниялари асосчиси Илон Маск инсон меҳнати келажаги ҳақида янги баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, сунъий интеллект (SI) ва робототехника шиддат билан ривожланиши натижасида яқин йилларда одамлар учун ишлаш зарурати деярли йўқолади.
Маскнинг таъкидлашича, келажакда иш фаолияти «худди сабзавотни дўкондан сотиб олиш ўрнига ўзингизникини етиштириш каби ихтиёрий машғулотга айланади». Унинг фикрича, SI инсон ақлининг деярли барча соҳаларини қамраб олиши ва иқтисодиётни тубдан ўзгартириши кутилмоқда.
Бундай прогнозлар охирги йилларда амалий мисоллар билан ҳам тасдиқланмоқда. Масалан, Буюк Британияда Channel 4 телеканали сунъий интеллект орқали бошловчилик қилган илк филмни намойиш этди. Лойиҳа раҳбари Луиза Комптон бу тажриба доимий амалиётга айланмаслигини таъкидлаган бўлса-да, бу оммавий ахборот соҳасидаги янги босқич сифатида баҳоланмоқда.
Шунингдек, Техасдаги бир мактабда барча ўқитувчилар нейрон тармоқлар билан алмаштирилгани ҳақида хабар берилган. Эндиликда дарс жараёнларини сунъий интеллект олиб боради ва ҳар бир ўқувчига индивидуал ёндашув таъминланмоқда.
Бундан ташқари, АҚШда суд жараёнларида одамлар тобора кўпроқ ChatGPT каби чат-ботлар ёрдамида ўзини мустақил ҳимоя қилишни танлаётгани ҳам қайд этилган. Юристлар фикрича, бу тенденция сунъий интеллектнинг ҳуқуқий соҳадаги салоҳиятини очиб бермоқда.
Маскнинг сўзларига кўра, бу жараён тўлиқ тўхтаб қолмайди — аммо инсоният олдида янги этик ва ижтимоий мувозанатни топиш вазифаси турибди.




