Logo

Инфляция рекорд даражада — 5,5 фоизгача пасайди

Bugun 16:452 daqiqa

Май ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция 5,5 фоизни ташкил қилди. Бу 5 фоизлик инфляцион таргетга яқин бўлиб, тарихий энг паст кўрсаткичга айланди.

Инфляция рекорд даражада — 5,5 фоизгача пасайди © Vaqt.uz

2026-йилнинг май ойида Ўзбекистонда йиллик инфляция биринчи марта 5,5 фоизни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Май ойида ойлик истеъмол нархлари индекси кўрсаткичи 0,2 фоиз бўлди. Йил бошига нисбатан нархлар ўсиши эса 2,7 фоизгача пасайди.

Йиллик инфляция эса Ўзбекистон тарихида биринчи марта 5,5 фоизгача пасайди. Таққослаш учун, 2025-йилнинг мос даврида инфляция 8,7 фоиз эди.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари нархлари ўзгаришини ҳисобга олмаганда инфляция ойлик нисбатда 0,6 фоизни, йиллик нисбатда 5,8 фоизни ташкил қилди.

Май ойида бўлимлар кесимида озиқ-овқат нархлари ўзгармаган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 0,3 фоизга, хизматлар 0,4 фоизга кўтарилди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қандай?

Май ойида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари орасида энг катта нарх ўсиши гўшт маҳсулотларида кузатилди.

Хусусан, суяксиз мол гўшти бир ойда 3,6 фоизга, суякли мол гўшти ва қўй гўшти эса 2,9 фоизга қимматлашди.

Йиллик ҳисобда эса ушбу маҳсулотлар нархи мос равишда 20,5 фоиз, 19 фоиз ва 22,8 фоизга ошган. Шунингдек, гўшт қиймаси нархи бир ойда 2 фоизга, йиллик ҳисобда эса 15,8 фоизга кўтарилди.

Бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари орасида шакар нархи 1,5 фоизга, пастеризация қилинган сут 1,1 фоизга, тирик ва совутилган балиқ 1 фоизга қимматлашди.

Ун ва ўсимлик ёғи нархлари эса мос равишда 0,9 фоиз ва 0,6 фоизга ошди. Йиллик кўрсаткичларда сут 5,1 фоизга, балиқ 6,9 фоизга, ун 4,6 фоизга ва ўсимлик ёғи 7 фоизга қимматлашгани қайд этилди.

Айрим озиқ-овқат маҳсулотларида эса нархларнинг пасайиши қайд этилди. Хусусан, май ойида гуруч ва гуруч оқшоғи нархи ўртача 1,6 фоизга арзонлади. Шу билан бирга, бу маҳсулотнинг йиллик нархи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13,7 фоизга паст бўлиб қолди.

Шунингдек, тухум нархи 0,1 фоизга, парранда гўшти нархлари эса турига қараб 1,5–1,6 фоизга пасайди. Хом сут нархи ҳам ой давомида 0,8 фоизга арзонлашди.

Бироқ йиллик ҳисобда тухум нархлари 21,4 фоизга, парранда гўшти 3,4–4,5 фоизга, хом сут эса 5,1 фоизга қимматлигича қолмоқда.

Транспорт нархи ўсишда давом этмоқда

Транспорт соҳасида май ойида ёқилғи нархлари ўсишда давом этди. Бензин нархи ўртача 0,6 фоизга қимматлашиб, йиллик ўсиш 12 фоизга етди. Хусусан, АИ-92 бензини 0,6 фоизга, АИ-95 0,8 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 маркалари эса 1,6 фоизга қимматлашди. Пропан нархи 1,9 фоизга ошиб, бир литр учун 7 200 сўмгача етди, метан эса 0,2 фоизга қимматлашди.

Шунингдек, автотураргоҳ хизматлари нархи 1,1 фоизга, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш хизматлари эса 1,2 фоизга ошди. Электросамокат ва электровелосипедларни ижарага бериш хизматлари нархлари бир ойда 6,2 фоизга кўтарилди.

Йўловчи ташиш хизматларида ҳам айрим тарифлар ошди. Трамвай йўл ҳақи 15,5 фоизга, такси хизматлари 1 фоизга, шаҳарлараро автобус қатновлари 1 фоизга, шаҳар автобуслари эса 0,5 фоизга қимматлашди.

Шу билан бирга, сўмнинг евро ва Швейцария франкига нисбатан мустаҳкамланиши узоқ масофали поезд чипталари нархининг 0,3 фоизга, авиақатновлар нархининг эса 1,3 фоизга пасайишига хизмат қилди.

Teglar

Mavzuga oid