Инновацияга пул тикилмоқда: Ихтирочи ва олимларни рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди
Ўзбекистонда интеллектуал фаолият соҳасида танловлар ўтказиш тартиби тасдиқланди.

Ўзбекистон ҳукумати қарори билан “Интеллектуал фаолият бўйича танловларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Ушбу Низом интеллектуал фаолият бўйича танловларни ташкил этиш, ўтказиш, танлов иштирокчиларини баҳолаш ва ғолибларини тақдирлаш тартибини белгилайди.
Номинациялар
Низомга кўра, танловлар интеллектуал фаолиятнинг турли йўналишларини қамраб олади. Хусусан, “Энг яхши ихтиро”, “Энг яхши фойдали модел”, “Энг яхши саноат намунаси”, “Энг яхши электрон ҳисоблаш машинаси учун яратилган дастур ва маълумотлар базаси” ҳамда “Энг яхши селекция ютуғи” каби номинациялар жорий этилган.
Икки босқичли тизим
Танловлар икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ташкил этилади. Иккинчи босқич эса республика миқёсида амалга оширилади.
Шунингдек, ташкилотчи ҳар йили 1 майга қадар танлов шартлари ва баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ҳамда ўз расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида танловни эълон қилади.
Мукофотлар миқдори
Низомга мувофиқ, республика босқичи ғолиблари ва совриндорлари пул мукофотлари билан тақдирланади. Жумладан, биринчи ўрин учун БҲМнинг 150 баравари, иккинчи ўрин учун 125 баравари ва учинчи ўрин учун 100 баравари миқдорида мукофот пули белгиланган.





