
«Instagram»га оид йирик маълумотлар даркнетга сиздирилгани қайд этилди
«Instagram» платформасидаги маълумотлар сизиб чиқиши оқибатида 17,5 млн фойдаланувчининг шахсий маълумотлари даркнетга тушиб, фирибгарлик хавфи кескин ошди.

Киберхавфсизлик билан шуғулланувчи «Malwarebytes» компанияси «Instagram» платформасида йирик маълумотлар сизиб чиқиш ҳолати аниқланганини маълум қилди. Ҳодиса натижасида 17,5 млн фойдаланувчига тегишли маълумотлар даркнетда тарқалган.
Компания маълумотига кўра, ўғирланган базада пароллар мавжуд эмас. Бироқ фойдаланувчиларнинг логинлари, ҳақиқий исм-фамилиялари, телефон рақамлари, электрон почта манзиллари ва профилга оид бошқа маълумотлар жой олган.
Мутахассислар асосий хавф айнан шу ерда эканини таъкидламоқда. Паролларсиз ҳам бундай маълумотлар фирибгарлар учун жуда қимматли ҳисобланади. Охирги кунларда мақсадли фишинг ҳужумлари кескин кўпайгани қайд этилмоқда.
Фойдаланувчиларга гўёки қўллаб-қувватлаш хизмати номидан электрон мактублар, хабарлар ва қўнғироқлар келмоқда. Улар орқали аккаунтни зудлик билан ҳимоя қилиш, паролни янгилаш ёки ҳавола орқали тасдиқлаш талаб қилинмоқда.
Аммо бу хабарлар қалбаки ҳисобланади. Юборилаётган ҳаволалар сохта саҳифаларга олиб боради ва фойдаланувчилар ўша ерда ўз пароллари ҳамда икки босқичли ҳимоя кодларини ўз қўллари билан топшириб қўяётгани аниқланган.
Киберхавфсизлик бўйича мутахассислар шубҳали ҳаволаларга кирмаслик, аккаунтда икки босқичли ҳимоя ёқилганини текшириш ҳамда қўнғироқ ва SMSларга нисбатан ўта эҳтиёткор бўлишни тавсия қилмоқда.





