
Инвестиция платформалари учун янги қоидалар тасдиқланди
Ўзбекистонда инвестиция платформалари фаолиятини синовдан ўтказиш учун «тартибга солиш қумдони» доирасида қатъий талаблар жорий этилди.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) инвестиция платформалари учун «тартибга солиш қумдони» доирасида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни тасдиқлади. Директор Дмитрий Ли имзолаган низомга мувофиқ, ушбу режим Ўзбекистонда муқобил инвестиция механизмларини синовдан ўтказиш ва жорий этишга қаратилган бўлиб, 2026 йил 1 октябрга қадар амал қилади.
Янги тартиб инвестиция платформалари орқали юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга, шу жумладан хорижий инвесторлар ҳисобидан маблағ жалб қилиш имконини беради. Барча инвестиция операциялари платформа орқали тузиладиган шартномалар асосида амалга оширилади.
Низомга кўра, инвестиция платформаси оператори фақат Ўзбекистон резиденти бўлган компания бўлиши мумкин. Платформанинг серверлари ва маълумотлар базалари мамлакат ҳудудида жойлаштирилиши шарт. Шунингдек, ахборот тизимлари шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқлари ва пул ювишга қарши қонунчилик талабларига тўлиқ мос бўлиши керак.
Инвесторлар, битимлар ва ўзаро муносабатларга оид барча маълумотлар, шу жумладан хизмат ёзишмалари камида 5 йил давомида сақланади. ИЛМА сўрови асосида платформа ўз фаолияти ҳақида ахборот тақдим этиши мажбурий ҳисобланади.
Ҳужжатда раҳбар ходимларга қўйиладиган талаблар ҳам аниқ белгиланган. Терроризм, коррупция, пул ювиш ёки иқтисодий жиноятлар учун судланган шахслар раҳбарлик лавозимларини эгаллай олмайди. Шунингдек, раҳбарлар иқтисодиёт, молия, ҳуқуқ, математика ёки IT соҳасида олий маълумотга ва камида икки йиллик тегишли иш тажрибасига эга бўлиши шарт.
«Тартибга солиш қумдони»га кириш учун компания ИЛМАга ариза топширади. Ариза 20 иш кунида кўриб чиқилади. Рад жавоби берилган тақдирда, камчиликлар бартараф этилгандан сўнг 30 кун ичида қайта мурожаат қилиш мумкин. Иштирокчи компаниялар ҳар ой ҳисобот тақдим этиши шарт; икки ой кетма-кет ҳисобот берилмаса, мақом бекор қилинади.





