
Инвестиция учун имконият: 2040 йилга бориб Ўзбекистонда омборларга бўлган талаб кескин ошади
Евросиё тараққиёт банкига кўра, Ўзбекистон Марказий Осиёда логистика ва омбор кўчмас мулкининг асосий ўсиш нуқтасига айланмоқда.

Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида логистика ва омбор кўчмас мулки секторининг асосий драйверига айланиб бормоқда. Прогнозларга кўра, 2040 йилга келиб мамлакатда юқори сифатли омбор майдонларига бўлган эҳтиёж ҳозирги кўрсаткичлардан кескин ошиб, 7,6 миллион метр квадратгача етиши мумкин. Бу ҳақда Евросиё тараққиёт банкининг янги таҳлилий ҳисоботида маълум қилинди.
Евросиё тараққиёт банки экспертлари Ўзбекистон иқтисодиётидаги таркибий ўзгаришлар логистика соҳасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатаётганини қайд этди. Маълумотларга кўра, омбор кўчмас мулки сегментида энг юқори инвестицион фаоллик Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Урганч каби йирик шаҳарлар ва транспорт боғламаларида кузатилмоқда.
Талаб тузилмасидаги энг катта ўсиш электрон тижорат секторида кутилмоқда, бу ерда майдонларга бўлган эҳтиёж 0,04 миллиондан 1,2 миллион метр квадратгача етади. Чакана савдо тармоқлари учун эса омбор майдонлари 0,6 млн метр квадратдан 3,9–4,9 млн метр квадратгача кенгайиши прогноз қилинмоқда. Агробизнес соҳасида ҳам совиткичли ва ихтисослашган омборларга талаб кескин ортиши иқтисодий заруратга айланади.
Иқтисодий ўсишнинг асосий омиллари сифатида тез ривожланаётган ички истеъмол бозори, аҳолининг ёш таркиби ва маҳаллий маркетплейсларнинг кенгайиши кўрсатилган. Шунингдек, Хитой, Афғонистон ва Яқин Шарқ йўналишлари бўйлаб транзит ва экспорт йўлакларининг ривожланиши Ўзбекистоннинг минтақавий логистика хаби сифатидаги мақомини мустаҳкамламоқда.





