Иқтисодий зарба: Трамп Ҳиндистонни Россия нефтидан воз кечишга мажбур қилди

19.02.2026 | 11:355 daqiqa

АҚШ Ҳиндистон учун божларни пасайтирди. Бунинг эвазига мамлакат Россия нефтидан воз кечди. Бундан ташқари, Ҳиндистон Америка энергия ресурслари ва маҳсулотларини сотиб олиш мажбуриятини олди. Хўш, ушбу янги келишувлар дунё иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади?

Иқтисодий зарба: Трамп Ҳиндистонни Россия нефтидан воз кечишга мажбур қилди

Чекиниш бошланди

Доналд Трамп барибир Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига ўз шартларини ўтказишга муваффақ бўлди.

«Биз кўплаб масалалар, жумладан, савдо-сотиқ ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги можарони тугатиш ҳақида гаплашдик. У Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга ва АҚШдан, эҳтимол, Венесуэладан кўпроқ нефт харид қилишга рози бўлди», — деб ёзди АҚШ президенти «Truth Social» тармоғида.

Ўз навбатида, Вашингтон «дўстлик ва Модига бўлган ҳурмат юзасидан» Ҳиндистон товарлари учун қўшимча божларни бекор қилди. Натижада тариф ставкаси 18 фоизгача пасайди. Экспертларнинг таъкидлашича, янги ставка республиканинг иқтисодий ҳолатини сезиларли даражада енгиллаштиради.

Гап шундаки, ўтган йилдан бери Ҳиндистон маҳсулотларига 50 фоизлик бож қўллаб келинаётган эди. Бу АҚШ ҳамкорлари орасидаги энг юқори тарифлардан бири ҳисобланарди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, савдо тўсиқларининг камайиши Ҳиндистоннинг тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа экспорт тармоқлари учун ўта муҳим аҳамиятга эга.

Трампнинг сўзларига кўра, Модининг илтимоси билан янги шартлар дарҳол — 7 февралдан кучга кирган. Бироқ АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги келишувлар бу билан чекланиб қолмайди. Жумладан, Ню Деҳли Америкадан келтириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва тиббиёт буюмлари, шунингдек, кимёвий моддалар учун божларни босқичма-босқич нолга туширишга рози бўлган.

Бундан ташқари, Ҳиндистон беш йил ичида 500 миллиард долларлик Америка товарларини сотиб олиш мажбуриятини олди. Бу рўйхатдан самолётлар ва авиация бутловчи қисмлари, қимматбаҳо металлар, технологик маҳсулотлар ҳамда коксланувчи кўмир ўрин олган.

1

Россия нефтидан воз кечиш

Ҳиндистонликлар Россия нефтини сотиб олишда давом этаётган бўлса-да, энди бу жуда оз миқдорни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Доналд Трамп «Fox Business» каналига берган интервюсида маълум қилди.

«Ҳозирда улар жуда кам сотиб олишяпти. Харидлар ҳажми анча қисқарди, мен шунчаки уларга озгина туртки бердим», — деди Америка президенти.

АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Пол Капур ҳам Ҳиндистоннинг Россия «қора олтин»идан босқичма-босқич воз кечаётганини таъкидлади.

«Ҳиндистонликлар Россия нефти харидини камайтириб, манбаларни диверсификация қилишмоқда, биз улардан айнан шуни кутган эдик. Аслида улар Америка энергия ресурсларини кўпроқ сотиб олишмоқда», — деди у.

«Kpler» таҳлилий компанияси маълумотларига кўра, январ ойида Ҳиндистон Россиядан кунига ўртача 1,215 млн баррел нефт импорт қилган. Шундан 0,41 млн баррели Россия капитали иштирокидаги «Nayara Energy» нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ), 0,58 млн баррели давлатга қарашли «Indian Oil» корхонаси ҳиссасига тўғри келган. Яна 0,19 млн баррелни давлатга қарашли «Bharat Petroleum» компанияси харид қилган.

Мамлакатнинг энг йирик хусусий нефтни қайта ишлаш корхонаси — «Reliance» эса Россия хомашёсини умуман сотиб олмаган.

«Reuters» агентлигининг баҳолашича, ўтган ойда нефт етказиб беришнинг умумий ҳажми 9 фоизга, ноябр ойига нисбатан эса 22 фоизга камайган.

Ҳиндистон нефт вазири Ҳардип Сингҳ Пури ҳам Россия хомашёси импорти қисқарганини тасдиқлади. У «Bloomberg»га берган интервюсида етказиб бериш ҳажми кунига 1,3 млн баррелгача тушганини маълум қилди. Таққослаш учун, 2025 йилда ўртача кўрсаткич кунига 1,8 млн баррелни ташкил этган эди.

Бундан ташқари, «Reuters» хабарига кўра, Ҳиндистон нефтни қайта ишлаш компаниялари март ва апрел ойларида юкланиши режалаштирилган Россия нефтини қабул қилишдан воз кечмоқда. Агентликнинг тахмин қилишича, Ню Деҳли келгусида ҳам Россия нефтидан тийилишда давом этади.

2

Экспорт оқимининг Хитойга йўналтирилиши

Шу билан бирга, Москва Ню Деҳлининг Россия нефтидан воз кечгани ҳақидаги хабарларни инкор қилмоқда.

«Доналд Трамп Ҳиндистон Россия нефтини бошқа сотиб олмасликка рози бўлганини айтди. Мен бошқа ҳеч кимдан, жумладан, бош вазир Моди ва бошқа ҳиндистонлик иштирокчилардан бундай баёнотни эшитмадим. Кимдир кимгадир ниманидир тақиқлагани ва тақиқланган томон бунга сўзсиз амал қилиши ҳақида ҳеч қандай ишора олганим йўқ», — деди Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров.

Россиянинг Ҳиндистондаги элчиси Денис Алиповнинг сўзларига кўра, декабр-январ ойларида етказиб бериш ҳажми вақтинчалик кунига 1,2 млн баррелгача тушганига қарамай, Россия республика учун энг йирик нефт етказиб берувчи бўлиб қолмоқда. Унинг таъкидлашича, катта миқдордаги чегирмалар туфайли Россия хомашёсини сотиб олиш Ню Деҳли учун «шубҳасиз» фойдалидир.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Россия умумий экспортининг қарийб 38 фоизини ташкил этувчи Ҳиндистон талабининг камайиши кунига тахминан 400-500 минг баррел нефт ортиб қолишига олиб келади. Москва ушбу ҳажмларни бошқа йўналишларга, масалан, Хитойга йўналтиришга мажбур бўлади. Хитой эса бўшаб қолган ушбу ҳажмларни қисман ўзлаштириши мумкин.

«Urals» навидаги нефт ҳозирнинг ўзидаёқ «Brent»га нисбатан 13-15 долларлик фарқ билан бир баррел учун 54 доллардан сотилаётган бир пайтда, қўшимча босим нархларни 45-50 долларлик кўрсаткичларгача тушириб юбориши мумкин.

3

Технологияларга эга бўлиш имконияти чегирмалардан устун

Россиянинг 2026 йилги давлат бюджети «Urals» навидаги нефт нархи бир баррел учун 59 доллар бўлиши прогнози асосида шакллантирилган. Бироқ амалдаги котировкалар ҳозирданоқ белгиланганидан 5 долларга арзонроқ.

«Агар айрим таҳлилчилар прогноз қилганидек, нархлар 45 долларгача тушса, Россия бюджети  3-4 триллион рубл миқдоридаги маблағдан маҳрум бўлиши мумкин. Шундай бўлса-да, Россия иқтисодиётида муайян ҳимоя воситалари — Миллий фаровонлик жамғармаси, доллар тушумлари камайишини қоплаш учун рубль курсини пасайтириш имконияти ва бошқа бозорларга йўналиш олиш каби захиралар мавжуд», - дейди TRT суҳбатлашган мутахассис.

Ҳиндистоннинг Россия нефтидан воз кечиши жаҳон бозорига билвосита таъсир кўрсатади. Бу Осиёда харидорлар учун рақобатни кучайтиради ва премиум навдаги нефт нархларига босим ортишига олиб келади. Вашингтон эса суюлтирилган газ ва «қора олтин» учун йирик бозорга эга бўлади ва бу Америка ишлаб чиқарувчиларининг мавқеини мустаҳкамлайди.

Ҳиндистон эса, ўз навбатида, улкан бозорга чиқиш имкониятини сақлаб қолади. Бунинг эвазига у Россиянинг манфаатли чегирмаларидан воз кечиш билан ҳақ тўлайди. Ҳозирги нархларда «Urals» ва Америка нефти ўртасидаги фарқ бир баррел учун тахминан 10–15 долларни ташкил этмоқда. Ҳиндистон учун бу импорт харажатларининг йилига 3–4 миллиард долларга ошишини англатади. Бироқ, афтидан, Ню Деҳли учун сиёсий манфаатлар ва юқори технологиялардан фойдаланиш имконияти барчасидан устувор аҳамиятга эга.

Teglar

Mavzuga oid