ЕОИИ давлатлари Арманистонга шарт қўйди: ё Евроосиё иттифоқи, ё Европа Иттифоқи
Евроосиё иттифоқи давлатлари Еревандан муҳим қарор кутмоқда. Арманистоннинг ташқи сиёсий йўналиши бўйича баҳслар янада кучайиши мумкин.

Евроосиё иқтисодий иттифоқининг тўрт аъзоси — Россия, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон Арманистонни Европа Иттифоқи ва ЕОИИ ўртасида аниқ танлов қилишга чақирди. Бу ҳақда Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши саммити якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
Ҳужжатда Арманистонда Европа Иттифоқига қўшилиш ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқида қолиш масаласи бўйича имкон қадар тезроқ умуммиллий референдум ўтказиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилган.
Баёнотга кўра, Арманистоннинг Европа Иттифоқига интеграциялашув жараёни ЕОИИ давлатларининг иқтисодий хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли аъзо давлатлар вазиятни аниқлаштиришни талаб қилмоқда.
Декабрда ҳисобот тақдим этилади
Кремл сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, 2026 йил декабр ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида Арманистоннинг ташкилотдаги иштироки билан боғлиқ эҳтимолий сценарийлар муҳокама қилинади.
Хусусан, Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши аъзолари Арманистонга нисбатан ЕОИИ шартномаси амал қилишини тўхтатиб туриш эҳтимолининг иқтисодий оқибатлари ҳақида ҳисобот тақдим этади.
Ташкилот давлатлари бундай қарорнинг эҳтимолий зарари ва хавфларини баҳолаш зарурлигини таъкидламоқда.
Москва босимни кучайтирмоқда
Сўнгги ойларда Арманистоннинг Европа Иттифоқига яқинлашуви Москва ва Ереван муносабатларидаги асосий баҳс мавзуларидан бирига айланди.
Май ойида Ереванда Европа сиёсий ҳамжамияти саммити ҳамда Европа Иттифоқи ва Арманистон ўртасидаги учрашув бўлиб ўтган эди. Унда хавфсизлик, Украина атрофидаги вазият ва евроинтеграция масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг Россия президенти Владимир Путин Арманистонга мазкур масала бўйича референдум ўтказишни таклиф қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса агар Ереван Европа Иттифоқига қўшилиш йўлидан қайтмаса, Москва газ, нефт маҳсулотлари ва қайта ишланмаган олмос етказиб бериш бўйича келишувларни қайта кўриб чиқиши мумкинлигини маълум қилди.





