Қозоғистонда қўй гўшти нархи рекорд даражада ошмоқда
Қозоғистонда қўй гўшти бир ҳафта ичида 2,5 фоизга қимматлади. Экспорт ҳажмининг кескин ўсиши нархларнинг сўнгги 15 йилдаги энг юқори суръатларда ошишига олиб келиши мумкин.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaҚозоғистонда қўй гўшти нархи кескин ўсишда давом этмоқда. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 20–26 май кунлари орасида қўй гўшти нархи 2,5 фоизга ошган. Бу 2026 йил бошидан бери ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатига киритилган ушбу маҳсулот учун қайд этилган энг катта ҳафталик ўсиш ҳисобланади.
Data Hub таҳлилчилари таъкидлашича, худди шундай ўсиш бутун апрель ойи давомида ҳам кузатилган эди. Яъни бир ҳафтадаги қимматлашув аввалги бир ойлик кўрсаткичга тенг бўлди.
Экспорт таъсири
Май ойи бошидан буён Қозоғистонда қўй гўшти нархи умумий ҳисобда 4,7 фоизга ошган. Мутахассислар мавжуд тенденция сақланиб қолса, май ойи якунлари бўйича нархлар ўсиши сўнгги камида 15 йилдаги энг юқори даражага чиқиши мумкинлигини айтмоқда.
Шу билан бир вақтда мол гўшти бозорида нисбатан барқарорлик кузатилмоқда. Ҳафта давомида суякли мол гўшти нархи 0,2 фоизга ошган бўлса, суяксиз мол гўшти нархи ўзгаришсиз қолган. Апрель ойида эса мол гўшти ўртача 1,5 фоизга қимматлаган.
Ўзбекистон асосий харидор
Таҳлилчилар мол гўшти нархининг секинлашишини 2026 йил бошидан жорий қилинган экспорт квоталари билан изоҳламоқда. Натижада йилнинг биринчи чорагида мол гўшти экспорти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 33 фоизга қисқарган.
Қўй гўштига нисбатан эса бундай чекловлар қўлланилмаган. Натижада 2026 йилнинг дастлабки уч ойида қўй гўшти экспорти 59 фоизга ошган. 2025 йил якунларида ҳам экспорт қарийб икки бараварга кўпайган эди.
Маълумотларга кўра, Қозоғистон қўй гўшти экспортининг 99 фоизи Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади.





