Logo

«Ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам пулларининг 75 фоизи ишлатилмаган» — депутат Бандлик вазирлиги фаолиятини танқид қилди

Bugun 15:093 daqiqa

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган мажлисда ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам учун буджетдан ажратилган маблағларнинг катта қисми ишлатилмагани маълум қилинди.

«Ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам пулларининг 75 фоизи ишлатилмаган» — депутат Бандлик вазирлиги фаолиятини танқид қилди © Videodan kadr

2025 йилда Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш дастурлари учун давлат бюджети ҳисобидан 45,5 триллион сўм йўналтирилган. Бу мамлакат умумий давлат харажатларининг 11,9 фоизига тенг.

3 июн куни бўлиб ўтган парламент йиғилишида депутат Сайёра Имомова мазкур маблағлардан фойдаланиш самарадорлиги паст бўлганини маълум қилди.

«Вазирлик ва унга тегишли ташкилотлар маблағлар ишлатилишида жиддий камчиликларга йўл қўйганини кўрмоқдамиз. Биринчидан, Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармасига ажратилган 485,6 миллиард сўмнинг 63,9 фоизи ишлатилган. Иккинчидан, Бандликка кўмаклашиш давлат мақсадли жамғармасига ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам учун ажратилган маблағларнинг 75 фоизи, яъни 48,6 миллиард сўм ишлатилмай қолган», деди депутат.

Субсидиялар муаммоси

Депутат энг долзарб масалалардан бири сифатида аёллар учун мўлжалланган субсидиялар тақсимотини тилга олди. Унинг маълум қилишича, ҳоким ёрдамчилари тавсияси асосида 40 минг нафар хотин-қизга субсидия ажратилиши режалаштирилган бўлса-да, амалда уларнинг атиги 7 минг нафари мазкур имтиёздан фойдаланган.

Натижада 33 минг нафар аёлни тадбиркорликка жалб қилиш ва иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича белгиланган вазифалар бажарилмай қолган.

Субсидиялар учун ажратилган маблағларнинг ҳам атиги 27 фоизи ишлатилгани депутат томонидан танқид қилинди. У давлат маблағлари ажратилганига қарамай, эҳтиёжманд оилалар ва аёллар етарли даражада қўллаб-қувватланмаганини таъкидлади.

Расмийлар жавоби

Бандлик вазири ўринбосари Алишер Муродов вазиятни маблағ ажратиш механизмлари ўзгаргани билан изоҳлади. Унинг айтишича, самараси паст бўлган 14 турдаги субсидия бекор қилиниб, улар ўрнига фоизсиз ссудалар ва бошқа молиявий кўмак воситалари жорий этилган.

«Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларини ажратиш тартибига ўзгаришлар киритилди. Масалан, талаб паст ёки самараси кам бўлган 14 турдаги субсидия бекор қилинди. Уларнинг ўрнига камбағал оилаларни тадбиркорлик ва даромадли меҳнатга жалб этиш учун фоизсиз ссудалар ва бошқа молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Натижада ҳоким ёрдамчиларининг тавсияси асосида субсидия ажратилган аёллар сони бўйича белгиланган индикатор режага нисбатан тўлиқ бажарилмаган. Бироқ мазкур ҳолат аҳолини қўллаб-қувватлаш учун ажратилган маблағлар ҳажми қисқартиришга эмас, балки улардан фойдаланиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилди деган фикрдамиз», деди вазирлик расмийси.

Бироқ Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов мазкур изоҳни қониқарли деб ҳисобламади. У вазирлик томонидан аниқ таҳлил ва асосли жавоб берилмаганини таъкидлади.

«Агар Жамшид Анваровичнинг жавобини вазир ўринбосари ҳам айтганда, яхши бўларди. Ҳозир учта масала кўтарилди. Учаласи бўйича ҳам вазирликнинг аниқ жавоби йўқ. Бошқа обектив сабаблар бўлгани айтиляпти. Лекин бу ерда масала турибди барибир. 40 минг нафар хотин-қизга субсидия ажратиш бўйича ҳоким ёрдамчилари тавсия беради, етти минг нафари олади. Бу нима деган гап? Барибир, мана Жамшид Анварович айтяпти, вазирлик унга танқидий қараш керак. Буни таҳлил қилиш керак. Бу йил шуни такрорламаслик чораларини кўриш керак», деди спикер.

Teglar

Mavzuga oid

«Ишсизлик нафақаси ва моддий ёрдам пулларининг 75 фоизи ишлатилмаган» — депутат Бандлик вазирлиги фаолиятини танқид қилди | Vaqt.uz