
Исломободдаги масжид портлаши ортидан тўрт киши қўлга олинди
6 феврал куни Покистон пойтахти Исломободдаги масжидда портлаш содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, юзлаб одамлар яраланган.

Исломободда жума намози вақтида содир этилган портлаш ортидан тўрт нафар шахс қўлга олинди. Покистон ички ишлар вазири Моҳсин Нақвийнинг маълум қилишича, ҳибсга олинганлар орасида ҳужумни режалаштирган деб гумон қилинаётган Афғонистон фуқароси ҳам бор. Гумонланувчиларни ушлаш бўйича ўтказилган операциялар давомида терроризмга қарши кураш бўлимига қарашли бир нафар офицер ҳалок бўлган, яна уч нафар ходим яраланган.
Ҳужум жума куни Исломободнинг Тарлай ҳудудида жойлашган шиалар масжидида, ибодатчилар кўп тўпланган пайтда амалга оширилган. Портлаш натижасида камида 32 киши ҳалок бўлган, 160 дан ортиқ инсон жароҳат олган. Бу воқеа сўнгги ўн йил ичида пойтахтда қайд этилган энг қонли террорчилик ҳужуми сифатида баҳоланмоқда.
Шанба куни Исломободда минглаб одамлар ҳалок бўлганларнинг дафн маросимларида иштирок этган. Маросимлар кучайтирилган хавфсизлик чоралари остида ўтказилган.
Портлаш учун жавобгарликни «Исломий давлат» экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олган. Покистон бош вазири Шеҳбоз Шариф ҳужумни кескин қоралаб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. Президент Асиф Али Зардари эса тинч аҳолини нишонга олишни «инсониятга қарши жиноят» деб атади.
Ички ишлар вазири Моҳсин Нақвий ҳужум ортида ташқи молиялаштириш омиллари бўлиши мумкинлигини айтди ва айрим давлатларни айблади. Шунингдек, ҳукумат Исломободда хавфсизликни кучайтириш, қўшимча полиция ходимларини ишга олиш ҳамда «ақлли хавфсизлик» тизимларини кенгайтиришни режалаштираётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Исломобод шаҳридаги масжидда содир бўлган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳамда жиддий жароҳат олгани муносабати билан Покистон Президенти Асиф Али Зардорий ва бош вазири Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллаган эди.





