Исроил Саудия Арабистонидан узр сўради
Шу кунларда Трамп ва бин Салмон ўртасидаги учрашувда Исроил ва Саудия ўртасида муносабатларни нормаллаштириш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Исроил молия вазири Бетсалел Смотрич Саудия Арабистони ва у билан муносабатларни яхшилаш имконияти ҳақида масхараомуз тарзда билдирган фикрлари учун узр сўради.
«Саудия Арабистони ҳақидаги изоҳим мутлақо ўринсиз эди ва етказилган ҳақорат учун кечирим сўрайман», - деди Смотрич Х (собиқ Тwиттер) ижтимоий тармоғида эълон қилинган видеомурожаатида.
Илгари «Технология даврида Галаха» конференциясида у шундай деган эди: «Агар Саудия Арабистони бизга «Фаластин давлати эвазига муносабатларни нормаллаштириш» деса - йўқ, раҳмат. Арабистон саҳросида туя миниб юраверинглар, биз эса ривожланишда давом этамиз».
Бу баёнот танқид тўлқинини келтириб чиқарди ва АҚШ президенти Доналд Трампнинг валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашувига тайёргарлик кўриш жараёнида янгради. Ушбу учрашувда яҳудий давлати ва Ар-Риёд ўртасидаги муносабатларни эҳтимолий нормаллаштириш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Саудия Арабистони, Исроил Фаластин давлатини тузишга олиб борадиган аниқ йўлни танлаган тақдирдагина муносабатларни нормаллаштириши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган. Смотрич ва Нетаняҳу ҳукуматининг бошқа аъзолари эса бу шартни рад этмоқда.





