
Исроил Сурия президентига қарши махфий ўйин қилмоқда
WP Исроил Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръага қарши друз гуруҳлари орқали яширин сиёсат олиб бораётганини ёзди.

Исроил Суриянинг амалдаги президенти Аҳмад аш-Шаръа мавқеини заифлаштиришга уриниб, мамлакатдаги исёнчи кучларга ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда The Washington Post (WP) газетаси Исроилнинг ҳозирги ва собиқ амалдорларига таяниб, хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Исроил ҳарбий кучлари 2024 йил декабрида, Башар Асад режими ағдарилганидан атиги тўққиз кун ўтгач, друз жангариларига қурол-аслаҳа, жумладан 500 та милтиқ, ўқ-дорилар ва зирҳли нимчалар етказиб берган.
Нашрнинг таъкидлашича, Исроил Аш-Шаръага унинг ўтмишини инобатга олиб, катта шубҳа билан қарайди, чунки у тахминан ўн йил аввал «Ал-Қоида» билан расман алоқадор бўлган қуролли гуруҳга раҳбарлик қилган.
WP маълумотларига кўра, Исроилнинг друзларга қурол етказиб бериши апрел ойида энг юқори чўққисига етган. Август ойида аш-Шаръа билан музокаралар бошланиши ва Исроил амалдорларида «Сурия друзларининг ҳарбий ҳамкорлар сифатидаги ишончлилиги ҳамда уларнинг мақсадларига эришиш имконияти борасида шубҳалар» пайдо бўлиши сабабли қурол етказиб бериш тўхтатилган. Шунга қарамай, Исроил друзларга ўлимга олиб келмайдиган ҳарбий анжомлар, хусусан, зирҳли нимчалар ва дори-дармонларни ҳаво орқали етказиб беришни давом эттирмоқда.





