«Openbank» бизнесни исломий молиялаштириш учун 10 млн долларгача маблағ жалб қилмоқчи
Олинган маблағлар Ўзбекистонда фаолият юритаётган хусусий компаниялар, жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда йирик корхоналарни молиялаштириш учун йўналтирилади. Бу орқали иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби даромад келтирувчи тармоқларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
© Ijtimoiy tarmoqlarИслом тараққиёт банки (ИТБ) гуруҳига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ICD) ва Ўзбекистоннинг «Openbank» банки 10 млн долларгача маблағ ажратиш бўйича келишувни имзолади. Ушбу маблағ мамлакатдаги хусусий сектор корхоналари, жумладан, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришга йўналтирилиши мумкин.
2026-йил 26-октябр куни Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида имзоланган ҳужжат томонларнинг келгусидаги ҳамкорлик ниятини билдиради. Унга кўра, ICD «Openbank»га 10 миллион долларгача миқдорда молиялаштириш линиясини тақдим этиши мумкин. Ушбу маблағ шариат тамойилларига мувофиқ ажратилади.
Режага кўра, «Openbank» олинган маблағларни Ўзбекистонда фаолият юритаётган хусусий компаниялар, жумладан, кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳамда йирик корхоналарни молиялаштириш учун йўналтиради. Бу орқали иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби даромад келтирувчи тармоқларини қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.
ICD Марказий Осиёда шариат тамойилларига асосланган молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни мақсад қилган. «Openbank» билан ҳамкорлик орқали ажратилиши мумкин бўлган маблағлар янги иш ўринлари яратиш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ўсишига ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Маълумот учун, ICD ўз фаолиятида аъзо мамлакатларда хусусий секторни ривожлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга алоҳида эътибор қаратади. «Openbank» билан режалаштирилаётган молиялаштириш ҳам айнан шу мақсадларга, хусусан, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бандликни оширишга хизмат қилиши кўзда тутилган.
«Openbank» ҳақида
«Openbank» — Тошкент шаҳрида жойлашган, хусусий мулкчиликка асосланган рақамли ислом банки. Банк 2022-йилда Ўзбекистон Марказий банкидан лицензия олган ва дастлаб «Smartbank» номи билан фаолият юритган. 2025-йилда унинг номи «Openbank» сифатида ўзгартирилган.
Банк чакана мижозлар ҳамда кичик ва ўрта бизнес вакилларига рақамли банк хизматлари ва шариат тамойилларига мос молиявий маҳсулотларни таклиф этишга ихтисослашган. У «Future Open Technology Group» АЖнинг тўлиқ эгалигида.
2026-йил 23-октябр куни Марказий банк қарори билан «Openbank» Ўзбекистонда ислом банки фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган. Шу тариқа у мамлакатдаги биринчи ислом банкига айланган.
Ислом корпорацияси ҳақида
Хусусий секторни ривожлантириш бўйича ислом корпорацияси (ICD) кўп томонлама халқаро молия ташкилоти бўлиб, Ислом тараққиёт банки гуруҳига киради.
Корпорация 1999-йил ноябр ойида ташкил этилган. Унинг бош қароргоҳи Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида жойлашган. ICD 56 та аъзо мамлакатда иқтисодий ривожланишни қўллаб-қувватлайди. Бунинг учун хусусий сектор лойиҳаларига шариат тамойиллари асосида молиявий ва инвестициявий ёрдам кўрсатади.
Ташкилотнинг тасдиқланган устав капитали 4 миллиард долларни ташкил этади. 26 йилдан ортиқ фаолияти давомида у хусусий секторни ривожлантириш, капитал бозорларини кенгайтириш, корхоналарда бошқарув сифатини яхшилаш ва бозор иқтисодиёти ролини кучайтиришга кўмаклашиб келмоқда.
ICD халқаро рейтинг агентликлари томонидан ҳам юқори баҳоланган. Жумладан, «Moody’s» агентлиги унга A2, Fitch A+, S&P эса A кредит рейтингини берган.





