Logo

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди

Bugun 11:061 daqiqa

Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани ўзгартирмасдан, йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолишга қарор қилди. Регулятор юқори ички талаб ва ташқи бозорлардаги беқарорлик инфляцион босимни сақлаб қолаётганини таъкидлади.

Марказий банк асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк Бошқарувининг 2026-йил 4-ноябрдаги йиғилишида асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида сақлаб қолиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Марказий банк маълумотларига кўра, сентябр ойида йиллик инфляция 6,4 фоизни, базавий инфляция эса 5,5 фоизни ташкил этган. Инфляцион кутилмалар пасайишда давом этмоқда.

Шу билан бирга, 2026-йилнинг январ–сентябр ойларида иқтисодий ўсиш 8,3 фоизга етган. Регулятор юқори ички талаб инфляцион босимни сақлаб қолаётганини қайд этди.

Жаҳон бозорларида озиқ-овқат ва энергия ресурслари нархларининг ўзгарувчанлиги ҳам инфляцион хатарларни кучайтирмоқда.

Марказий банкка кўра, ижобий реал фоиз ставкалари ва сўмдаги жамғармаларнинг жозибадорлиги қатъий пул-кредит шароитларини таъминламоқда.

Регулятор прогнозларига кўра, 2026-йил якунида инфляция 7 фоиз атрофида бўлиши, 2027-йил якунида эса 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга етиши кутилмоқда.

Марказий банк Бошқарувининг навбатдаги йиғилиши 2026-йил 16-декабр куни ўтказилади.

Teglar

Mavzuga oid