Logo

Июн ойида автомобил савдоси ошди, электромобиллар рекорд ўсиш кўрсатди

Bugun 10:252 daqiqa

Июн ойида Ўзбекистонда 61,4 мингта енгил автомобиль сотилди. Бу май ойига нисбатан 14 фоизга кўп, аммо ўтган йилнинг шу даврига қараганда 23 фоизга кам.

Июн ойида автомобил савдоси ошди, электромобиллар рекорд ўсиш кўрсатди © vaqt.uz

Июн ойида Ўзбекистонда автомобиль бозори барча сегментларда фаоллашди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, ой давомида барча турдаги автотранспорт воситалари савдоси 80,2 мингтадан ошиб, май ойига нисбатан 18 фоизга ўсди. Май ойида ушбу кўрсаткич 68 мингтани ташкил этган эди.

Енгил автомобиллар савдоси июн ойида 61,4 мингтани ташкил қилди. Бу май ойига нисбатан 14 фоизга кўп бўлса-да, 2025 йилнинг июнига нисбатан 23 фоиздан ортиқ паст кўрсаткич ҳисобланади. Бозордаги битимларнинг қарийб 61 фоизи иккиламчи бозор ҳиссасига тўғри келди.

Ҳудудлар кесимида автомобиль савдоси деярли барча вилоятларда ўсди. Пасайиш фақат Жиззах вилоятида қайд этилди ва у ерда савдо ҳажми 2,2 фоизга қисқарди. Энг юқори ўсиш Сурхондарё, Хоразм, Сирдарё, Самарқанд, Қашқадарё ҳамда Андижон вилоятларида кузатилди.

Тошкент шаҳрида эса июнь ойида 17,9 мингта автотранспорт воситаси сотилиб, ойлик ўсиш 9 фоизни ташкил қилди.

Бирламчи бозор

Янги енгил автомобиллар савдоси июнь ойида 11 фоизга ўсиб, 24 мингтага етди. Бироқ йиллик ҳисобда бу сегмент ҳам пасайишни сақлаб қолди. Ўтган йилнинг шу ойида мамлакатда 27,7 мингта янги енгил автомобиль сотилган эди.

Ўсишнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳиссасига тўғри келди. Уларнинг савдоси 12 фоизга ошиб, 18,8 мингтани ташкил қилди. Хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси ҳам қарийб 7 фоизга ўсиб, 5,1 мингтага яқинлашди.

Иккиламчи бозор

Иккиламчи бозорда июнь ойида 37 мингдан ортиқ енгил автомобиль сотилди. Бу бир ойда 16 фоиздан зиёд ўсишни англатади ва бирламчи бозор суръатларидан юқори бўлди. Шу билан бирга, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида иккиламчи бозорда жами қарийб 240 мингта автомобиль сотилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга камайди.

Электромобиллар савдоси тезлашди

Июн ойида электромобиллар бозори энг юқори ўсишни намоён қилди. Бирламчи ва иккиламчи бозорларда жами 8,4 мингта электромобиль сотилди. Бу май ойига нисбатан 63,5 фоизга кўпдир.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатда 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Электромобиллар савдосининг қарийб 63 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда ой давомида ушбу сегмент 78 фоизга ўсиб, 5,3 мингтага етди. Ҳудудлар орасида энг юқори ўсиш Жиззах вилоятида кузатилиб, бозор ҳажми 101 фоизга ошди.

Teglar

Mavzuga oid