Жапаров 2030-йилгача Қирғизистон иқтисодиётини қандай ўстирмоқчилигини айтди
Асосий эътибор ишлаб чиқариш лойиҳаларига узоқ муддатли инвестициялар киритишга қаратилади. Давлат банклари ва ривожланиш фондлари бизнесни молиялаштиришнинг янги усулларидан, жумладан, фонд бозори воситаларидан фаолроқ фойдаланиши керак. Бунинг учун банк фаолиятини тартибга солиш, инвестициялар ва қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчиликни янгилаш режалаштирилмоқда.
© Foto: TASSҚирғизистон президенти Садир Жапаров 2030-йилнинг охиригача мамлакат ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) йиллик ўртача реал ўсишини 8 фоизга етказиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ҳар йили 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди. Давлат раҳбари бу мақсадларни 21-октябр куни мамлакатнинг келгуси беш йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишига бағишланган республика йиғилишида белгилади.
«2030-йил охиригача бир қатор мақсадли кўрсаткичларга эришишни режалаштирганмиз», — деди президент.
У макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, ЯИМнинг йиллик ўртача реал ўсишини 8 фоизга етказиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқимини ҳар йили 20 фоизга оширишни асосий вазифалар қаторида санади.
Қирғизистон иқтисодиёти экспортга йўналтирилади
Жапаров иқтисодий ўсишнинг асоси сифатида экспортга йўналтирилган хизматлар ва саноатга таянувчи иқтисодий моделни белгилади. Бу модел мамлакатда ишлаб чиқарилган қайта ишланган маҳсулотлар ва хизматларни хорижга кўпроқ сотишга қаратилган.
«Экспорт салоҳиятимизни тўлиқ ишга солиш учун савдо ва божхона сиёсати тубдан қайта кўриб чиқилади ва замонавийлаштирилади», — деди президент.
Давлат экспорт қилиш имконияти юқори бўлган корхоналарни қўллаб-қувватлайди. Устувор йўналишлар қаторига озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, фармацевтика, кимё ва енгил саноат, кичик машинасозлик, шунингдек, фойдали қазилмалар ва нефтни қайта ишлаш киритилди.
Президент хомашёни мамлакатнинг ўзида чуқур қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратди. Ҳукумат замонавий технологияларни жорий этадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган ва маҳсулот қийматининг кўпроқ қисмини мамлакатнинг ўзида қолдирадиган корхоналарни рағбатлантирмоқчи.
«Биз хомашёни шунчаки дастлабки қайта ишлаш билан чекланмаймиз. Уни замонавий технологиялар асосида чуқур қайта ишлаш ва замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишга қаратилган саноатлаштириш сиёсатини олиб борамиз», — деди Жапаров.
Президент импорт технологияларини жорий этадиган, ишлаб чиқаришни янгилайдиган ва маҳсулотларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқаришни йўлга қўядиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш чораларини ишлаб чиқишни ҳам таклиф қилди. Қишлоқ хўжалигида эса маҳсулотлар экспортини, жумладан, қўшни мамлакатларга озиқ-овқат етказиб беришни кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Инвесторларга мулк ҳимояси ва бюрократияни қисқартириш ваъда қилинди
Жапаров келгуси беш йилдаги асосий вазифалардан бири сифатида инвестиция муҳитини яхшилаш ва хусусий мулкни ҳимоя қилишни белгилади. Унинг таъкидлашича, сармоя жалб қилиш учун фақат ижро ҳокимиятининг ҳаракатлари етарли эмас. Инвесторлар ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳам, суддан ташқари тартибда ҳам ҳимоя қила олиши керак.
«Инвесторларга бюрократик тўсиқлар яратиб, уларни идорама-идора югуртириш ўрнига, агар у ҳақиқий инвестор бўлса, унинг ортидан ўзингиз югуришингиз керак», — деди президент.
Жапаров рухсатнома олиш, инвестиция келишувларини тузиш ва лойиҳаларни амалга оширишдаги ортиқча расмиятчиликларни қисқартиришни топширди. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тадбиркорларга нисбатан муносабатини ҳам ўзгартиришни талаб қилди. Президентнинг фикрича, давлат идоралари бизнеснинг қонуний фаолиятини ҳимоя қилиши, унга асоссиз тўсиқлар яратмаслиги керак.
«Ҳалол ишлаётган тадбиркор давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни асоссиз босим манбаи эмас, балки унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган куч сифатида кўриши керак», — деди Жапаров.
Бу вазифаларни амалга ошириш учун хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ягона концепция ишлаб чиқилади. Президент, шунингдек, суд тизимини ислоҳ қилиш, суд жараёнларининг очиқлигини ошириш ва инвестициялар ҳимоясини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Давлат банклари кредит беришда фақат гаровга қарамаслиги керак
Жапаров иқтисодиётнинг реал секторига маблағ ажратиш тамойилларини ўзгартиришни таклиф қилди. Унинг фикрича, давлат банклари ва ривожланиш фондлари фаолияти қанча лойиҳа амалга оширилгани, қанча инвестиция жалб қилингани ва нечта иш ўрни яратилгани асосида баҳоланиши керак.
«Мен кредит ажратишда асосий эътиборни гаров талабларига қаратишдан воз кечиб, лойиҳанинг истиқболи ва келажакда даромад келтириш имкониятини ҳисобга оладиган инвестициявий ёндашувга ўтишни таклиф қиляпман», — деди президент.
Асосий эътибор ишлаб чиқариш лойиҳаларига узоқ муддатли инвестициялар киритишга қаратилади. Давлат банклари ва ривожланиш фондлари бизнесни молиялаштиришнинг янги усулларидан, жумладан, фонд бозори воситаларидан фаолроқ фойдаланиши керак. Бунинг учун банк фаолиятини тартибга солиш, инвестициялар ва қимматли қоғозлар бозорига оид қонунчиликни янгилаш режалаштирилмоқда.
Президент давлат компаниялари олдига ҳам вазифалар қўйди. Улар бошқарув сифатини яхшилаши, фаолиятини очиқроқ олиб бориши ва инвесторлар учун жозибадорлигини ошириши керак. Узоқ муддатли маблағ жалб қилиш усулларидан бири сифатида халқаро молия бозорларига чиқиш, жумладан, еврооблигациялар чиқариш таклиф қилинди. Шунингдек, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа ижтимоий объектларни қуришда давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Туризм, IT ва молиявий хизматлар устувор йўналишга айланади
Жапаров иқтисодий ўсишнинг яна бир муҳим манбаи сифатида хизматлар экспортини кўрсатди. Давлат биринчи навбатда ахборот технологиялари, молиявий хизматлар, халқаро логистика, финтех, туризм, таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришни қўллаб-қувватламоқчи.
Ҳукумат рақамли инфратузилмани ривожлантириш, мутахассислар тайёрлаш, халқаро тўловларни осонлаштириш ва хизматлар экспорти билан шуғулланувчи компаниялар учун қулай шароит яратишни режалаштирмоқда.
Президент стратегиясида «Тамчи» махсус молиявий-инвестиция ҳудудига ҳам алоҳида ўрин берилган. Жапаровнинг айтишича, бу ҳудуд капитал, молиявий технологиялар ва инвестиция лойиҳаларини бирлаштирадиган халқаро молия марказига айланиши керак.
Туризм соҳасида йил давомида дам олиш имкониятларини ривожлантириш ва хизматлар сифатини ошириш вазифаси қўйилди. Президент устувор лойиҳалар сифатида «Ала-Тоо Резорт», «Байтик Резорт» ва «Чаткал Резорт»ни тилга олди.
Сунъий интеллект давлат бошқаруви ва иқтисодиётга жорий этилади
Рақамлаштириш соҳасида президент сунъий интеллектдан давлат бошқаруви, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва жамоат хавфсизлигида фаолроқ фойдаланишни топширди.
«Келгуси беш йилда технологик жиҳатдан янги босқичга кўтарилишимиз ва замонавий рақамли давлатни барпо этишимиз керак», — деди Жапаров.
Унинг сўзларига кўра, давлат идоралари фақат ҳисоботларга таяниб ишлашдан воз кечиб, маълумотлар асосида қарор қабул қилиш, муаммоларни олдиндан аниқлаш ва уларнинг олдини олишга ўтиши лозим.
Шу билан бирга, киберхавфсизликни кучайтириш, давлат ахборот тизимлари, муҳим инфратузилма ва шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш чоралари кўрилади. Президент маҳаллий IT-компанияларни қўллаб-қувватлаш ҳамда сунъий интеллект, дастурлаш, маълумотлар таҳлили ва ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассислар тайёрлаш зарурлигини ҳам таъкидлади.
Манас Қирғизистоннинг иккинчи иқтисодий марказига айлантирилади
Ҳудудларни ривожлантириш режаси доирасида Жапаров Манас шаҳрига мамлакатнинг иккинчи иқтисодий маркази мақомини бериш ниятини маълум қилди. Президентнинг режасига кўра, шаҳар Қирғизистон жанубидаги йирик транспорт-логистика узели ва ишбилармонлик марказига айланиши керак.
Транспорт инфратузилмасини ривожлантириш темир йўл лойиҳалари билан боғлиқ. Президент устувор йўналишлар қаторида Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темир йўлини, шунингдек, Балиқчи — Тамчи — Чўлпон-Ота ва Балиқчи — Қочқор — Қора-Кече — Макмал йўналишларини санади.
Унинг айтишича, Макмал станцияси мамлакат ичидаги ва халқаро темир йўл йўналишларини боғлайдиган муҳим узелга айланиши керак. Жапаров, шунингдек, табиий шароит, муҳандислик имкониятлари ва сейсмик хавфсизлик талаблари йўл қўйган жойларда аҳоли пунктларини ихчамлаштириш ва кўп қаватли бинолар қуришни ривожлантиришни таклиф қилди. Бу ёндашув қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган унумдор ва суғориладиган ерларни сақлаб қолишга ёрдам бериши керак.
2030-йилгача 30 та маданият маркази ва 30 та мусиқа мактаби қурилади
Ижтимоий сиёсатда Жапаров оила ва болаларни давлат сиёсатидаги асосий устувор йўналишлардан бири деб атади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам уларнинг ижтимоий паспорти асосида ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Қўллаб-қувватлаш чоралари қаторига солиқ имтиёзлари, уй-жой коммунал хизматлари тарифларини ҳисобга олган ҳолда манзилли ёрдам, нафақалар ва болаларнинг мактабгача ҳамда қўшимча таълим олиш имкониятларини кенгайтириш киради.
Маданият соҳасида 2030-йил охиригача 30 та кўп тармоқли «Маданий Ордо» маркази ва 30 та замонавий мусиқа мактаби қурилади. Ҳар йили камида 50 та маданият муассасасида капитал таъмирлаш ишлари ўтказилиб, улар замонавий ускуналар билан жиҳозланиши керак. Таълим тизимида муҳандислик ва техника йўналишлари, фундаментал ва амалий фанлар бўйича мутахассислар тайёрлашга устувор аҳамият берилади. Мактабларда STEM таълими ривожлантирилади, олий таълим муассасаларида эса хорижий университетлар билан қўшма диплом дастурлари йўлга қўйилади.
Президент, шунингдек, «Талабалар кредити» номли узоқ муддатли молиявий ёрдам дастурини ишга тушириш режасини маълум қилди. Соғлиқни сақлаш соҳасида касалликларни эрта аниқлаш, тиббиёт инфратузилмасини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва рақамли технологияларни жорий этишга эътибор қаратилади. Пенсия тизимини эса демографик ўзгаришлар ва жамғариб бориладиган пенсия тизимини ривожлантиришни ҳисобга олган ҳолда такомиллаштириш режалаштирилмоқда.
Ҳукумат иқтисодиётни ривожлантиришнинг янги моделини ишлаб чиқади
Ҳукумат экспортга йўналтирилган хизматлар ва саноатга асосланган иқтисодий ривожланиш моделини ишлаб чиқиши, маҳаллий товарлар ва хизматлар экспортини ошириш учун савдо ва божхона сиёсатини янгилаши керак. Шунингдек, рухсатномалар олиш ва инвестиция келишувларини тузиш тартибларини соддалаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича ягона концепция тайёрлаш вазифалари белгиланган. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг реал секторидаги узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга ўтиш, таълим тизимини иқтисодиёт эҳтиёжларига мослаштириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлашни давом эттириш режалаштирилган. Ҳудудларни ривожлантириш мақсадида эса бюджетлараро муносабатларни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши керак.





