add

Кўп қаватли уйда содир бўлган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди

Bugun 10:301 daqiqa

Тошкент вилояти Ангрен шаҳри жойлашган кўп қаватли уйда ёнғин чиққан. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна бир фуқаро оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Кўп қаватли уйда содир бўлган ёнғин оқибатида бир киши ҳалок бўлди

7 февраль куни соат 23:19 да Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жойлашган кўп қаватли турар жой биноларидан бирида ёнғин содир бўлди. Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро ҳалок бўлган, яна бир киши жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, Дукент қўрғонидаги «Улуғбек» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган тўрт қаватли бинолардан бирининг том қисми ёнаётгани ҳақида Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига хабар келиб тушган. Қутқарув ва ёнғин ўчириш экипажлари соат 23:30 да воқеа жойига етиб борган.

Қутқарувчилар бинода бўлган фуқароларни зудлик билан эвакуация қилган. Ёнғин соат 23:57 да қуршаб олинган бўлиб, тахминан бир соатдан сўнг, аниқроғи соат 00:50 да тўлиқ бартараф этилган.

Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазири Азизбек Икромов ҳам етиб бориб, вазиятни шахсан назорат қилгани қайд этилмоқда. Ёнғин сабаблари ва келтирилган моддий зарар ҳажми ҳозирча очиқланмади.

«Дарё» нашри манбасига кўра, воқеа оқибатида жабрланган фуқаролардан бири оғир аҳволда жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 31 январ куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Авиатор савдо мажмуасида йирик ёнғин содир бўлган эди. Ҳодиса оқибатида вайроналар остида 2023 йилда туғилган бола жасади топилган.

Teglar

Mavzuga oid