
Кремл музокараларда: Донбассни барча Россияники деб тан олсин
Россия Украина билан музокараларда урушни тугатиш шарти сифатида Донбасс аннексиясини бутун дунё тан олишини талаб қилмоқда.

Россия Украина билан урушни тугатиш бўйича музокараларда Донбассни Россия ҳудуди сифатида умумжаҳон миқёсида тан олишни асосий шартлардан бири сифатида илгари сурмоқда. Бу ҳақда Абу Дабидаги музокараларга яқин ғарб манбасига таяниб «ТАСС» хабар берди.
Манбага кўра, Кремл бу талабни «катта келишув»нинг ажралмас қисми сифатида кўради.
«Россия томони учун Донбассни барча давлатлар томонидан тан олиш масаласи жуда муҳим ҳисобланади», — деган суҳбатдош.
4–5 феврал кунлари Абу Дабида Россия, Украина ва АҚШ иштирокида йил бошидан буён иккинчи уч томонлама музокаралар давом этмоқда.
Қатъий позициялар
Аввалроқ Москва бундай талабни очиқ равишда билдирмаган эди. Илгари Владимир Путин урушни тугатиш учун Украина қўшинларининг Россия армияси томонидан тўлиқ босиб олинмаган Донбасс ҳудудларидан чиқарилишини асосий шарт сифатида айтган.
Украина президенти Володимир Зеленский эса Киев бу ҳудудлардан «ҳеч қандай ҳолатда» воз кечмаслигини бир неча бор таъкидлаган.
АҚШ томони Донбассда нейтрал кучларни жойлаштириш ва томонларни ажратишни таклиф қилган, аммо Москва бу вариантларни қатъий рад этгани ҳақида The New York Times ёзган. Кремл «демилитаризация зонаси» сценарийсида ҳам ҳудуд Россия назоратида қолишини, фақат ҳарбийлар ўрнига Росгвардия жойлаштирилишини билдирган.
Музокаралар келажаги
Зеленскийнинг таъкидлашича, ҳатто фронт чизиғи бўйича можарони музлатишнинг ўзи Киев учун жиддий ён бериш ҳисобланади. Донбассдан воз кечиш эса Россияга янги ҳужум учун мустаҳкам плацдарм яратиб бериши мумкин.
У Вашингтоннинг илк 28 пунктли режасида АҚШ ва бошқа давлатлар Қрим ва Донбассни Россияники деб тан олиши кўзда тутилганини, кейин эса Украина билан маслаҳатлардан сўнг режа 20 пунктга қисқартирилганини қайд этган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио аввалги музокаралардан сўнг ҳудудлар масаласи энг қийин ечим талаб қилаётган нуқта эканини тан олган. Бу ортиқча босим фонида музокаралар тақдири ҳамон ноаниқ қолмоқда.





