Logo

Латвия ўзбекистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатиши мумкин

Bugun 10:002 daqiqa

Бунга сабаб қилиб улар Латвияга келганидан сўнг қисқа вақт ичида бир неча Ўзбекистон фуқаролари томонидан жиноятлар, жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жиноят содир этилганини кўрсатган.

Латвия ўзбекистонликларга виза беришни вақтинча тўхтатиши мумкин

Латвия Ички ишлар вазирлиги мамлакат Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча чеклаш масаласини кўтарган. Бу ҳақда Rus.Delfi хабар берди.

Вазирлик таклифини Иммиграция тўғрисидаги қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмига асосламоқда. Мазкур норма ҳукуматга ички хавфсизлик ва жамоат тартибига таъсирини баҳолаган ҳолда, муайян учинчи давлат фуқароларидан виза олиш учун аризаларни қабул қилиш ҳамда мамлакатга киришни маълум муддатга чеклаш имконини беради.

Ички ишлар вазири Янис Домброва қисқа вақт ичида Латвияга келган бир неча Ўзбекистон фуқароси жиноят содир этганини, улар орасида вояга етмаганларга қарши жиноятлар ҳам борлигини таъкидлаган.

Унинг айтишича, Латвия бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун Ўзбекистон томони билан ҳамкорлик қилиши ва жамоат хавфсизлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган шахсларнинг мамлакатга киришига йўл қўймаслиги керак.

Вазирлик Ўзбекистон фуқароларига виза беришни вақтинча тўхтатиш орқали ушбу даврда Ўзбекистон томони билан хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилмоқда.

Бироқ коалициядаги ҳамкорлар масалани ҳукуматнинг навбатдаги йиғилиши кун тартибига киритишга ҳозирча тайёр бўлмаган. Шу сабабли таклиф кейинги йиғилишда кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 4 сентябрь куни Латвиянинг Елгава шаҳридаги болалар майдончасида вояга етмаган шахсга нисбатан жинсий характердаги ҳаракатларда гумонланган 1987 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган эди. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, 6 сентябрь куни суд қарори билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.

Teglar

Mavzuga oid