
Мактаб директори болаларга зўравонлик қилган ўқитувчини ишдан бўшатиши мумкин
Энди болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйган педагоглар билан меҳнат шартномаси директор ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин.

Ўзбекистонда таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликка нисбатан кескин чоралар жорий этилди. Мактабгача ва мактаб таълими вазири томонидан имзоланган янги буйруқ асосида болаларга нисбатан зўравонлик содир этган педагог ва бошқа ходимлар ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига таяниб, «Халқ таълим инфо» хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур буйруқ «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ҳужжат билан таълим ташкилотларининг намунавий одоб-ахлоқ қоидалари, ички меҳнат тартиби ҳамда ходимларнинг лавозим йўриқномалари янги таҳрирда тасдиқланди.
2026 йил 19 январда имзоланган буйруққа мувофиқ, мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, ихтисослаштирилган ва касбий таълим муассасалари ходимларининг болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонликка йўл қўймаслик мажбурияти меҳнат шартномалари ва лавозим йўриқномаларига киритилди. Шунингдек, зўравонликка учраган болалар ҳақида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва ички ишлар органларига хабар бериш талаблари белгилаб қўйилди.
Буйруқда педагоглар ёки бошқа ходимлар томонидан болаларга нисбатан зўравонлик содир этилиши меҳнат мажбуриятларининг бир марта қўпол равишда бузилиши сифатида баҳоланиши қайд этилган. Бу эса иш берувчи, яъни мактаб директори ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишга асос бўлади.
Муҳими, мазкур тартиб фақат ўқувчиларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига эмас, балки педагог ходимнинг ўз ҳамкасбларига нисбатан зўравонлик қилгани исботланган ҳолатларга ҳам татбиқ этилади. Бундай вазиятларда ҳам директор ходимни ишдан бўшатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, буйруққа асосан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари таълим муассасаларида болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш учун масъул шахсларни тайинлашини таъминлаши шарт.





