Қишда газ кимларга биринчи навбатда етказиб берилиши белгиланди
Ҳукумат қарори билан куз-қиш мавсумида газ тақсимлаш тартиби белгиланди. Ҳарорат кескин пасайса, айрим истеъмолчиларга вақтинчалик чекловлар қўлланиши мумкин.
© Ijtimoiy tarmoqlar2026-йил 1-октябрдан 2027-йил 31-мартгача аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан барқарор таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, мавжуд газ ресурслари биринчи навбатда аҳоли хонадонлари, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади.
Газ етказиб бериш ҳажмлари мавжуд ресурслар ва об-ҳаво шароитидан келиб чиқиб белгиланади. Бу жараёнда аҳоли ҳамда ижтимоий объектларнинг узлуксиз таъминоти асосий устуворлик бўлиб қолади.
Газ тақсимоти қандай белгиланади?
Энергетика вазирлиги «Ўзтрансгаз», «Ҳудудгазтаъминот» ва бошқа масъул ташкилотлар билан биргаликда газ ресурслари ҳамда об-ҳаво шароитини ҳисобга олган ҳолда 10 кунлик ва кунлик етказиб бериш жадвалларини ишлаб чиқади.
Ушбу жадваллар ҳар ойнинг 25-санасигача куз-қиш мавсумини беталафат ўтказиш бўйича республика комиссиясига тасдиқлаш учун киритилади.
Республика комиссияси эса ҳар ойнинг охирги кунигача кейинги ой учун ҳудудлар ва йирик улгуржи истеъмолчилар кесимида газ етказиб бериш жадвалларини тасдиқлайди.
Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ҳудудгазтаъминот»нинг ҳудудий филиаллари билан биргаликда тасдиқланган жадваллар асосида туман ва шаҳарлар кесимида газ тақсимотини ташкил этади.
Совуқда чекловлар бўлиши мумкин
Магистрал қувурларда босим пасайиши ёки газ ресурслари ҳажми кутилмаганда ўзгарган тақдирда, газ тақсимоти тезкор равишда қайта кўриб чиқилади. Бунда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини газ билан таъминлаш устуворлиги сақланади.
Ҳаво ҳарорати кескин пасайган даврда хонадонлар, мактаблар, боғчалар ва шифохоналарга газ етказиб бериш барқарорлигини сақлаш мақсадида бошқа тоифадаги истеъмолчиларга вақтинчалик чекловлар жорий этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳаво ҳароратининг пасайиши сабабли метан-шохобчалар фаолияти чекланиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.





