«Meta» ўлган фойдаланувчини клонлайдиган СИни патентлади

Янги технология шахсий маълумотлар, жумладан, платформадаги фаоллик, изоҳлар, лайклар ва эълон қилинган контент асосида фойдаланувчининг рақамли клонини яратишни назарда тутади.

«Meta» ўлган фойдаланувчини клонлайдиган СИни патентлади

«Meta» компанияси 2025 йил декабр ойида инсоннинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини у йўқ пайтда тақлид қила оладиган катта тил модели учун патент олди. Бу ҳақда «Business Insider» хабар берди.

Модел нималарга қодир?

Нашр патент ҳужжатлари билан танишган. Унда технологиянинг асосий муаллифи сифатида компаниянинг техник директори Эндрю Босворт кўрсатилган. Патентга ариза 2023 йилда топширилган.

Патентда айтилишича, тил модели фойдаланувчи «узоқ танаффус олганда» ёки «агар фойдаланувчи вафот этган бўлса» унинг ҳаракатларини тақлид қилади. Нашр таъкидлашича, бу технология шахсий маълумотлар, жумладан, платформадаги фаоллик, изоҳлар, лайклар ва эълон қилинган контент асосида фойдаланувчининг рақамли клонни яратишни назарда тутади.

Ушбу маълумотлар ёрдамида клон инсон ижтимоий тармоқларда қандай ўзини тутишини «тушунади» ва шу хатти-ҳаракатларни тақлид қила олади: профил фаоллигини сақлаб туриш, лайк босиш, изоҳ қолдириш, хабарларга жавоб бериш. Патентда, шунингдек, овозли ва видеоқўнғироқларни ҳам тақлид қилиш имконияти тилга олинган.

Ҳужжатларда ишлаб чиқувчилар бу технология нима учун керак бўлиши мумкинлигини тушунтиради. Патент муаллифлари фикрича, у контент орқали даромад қиладиган блогерлар учун фойдали бўлиши мумкин, чунки улар ижтимоий тармоқлардан дам олишни исташи мумкин.

Шунингдек, технология фойдаланувчи вафот этган тақдирда ҳам аҳамиятли бўлиши мумкин, чунки инфлюенсернинг ўлими унинг обуначиларига таъсир кўрсатади, дея қайд этишади муаллифлар.

«Фойдаланувчи вафот этган ва ижтимоий тармоқ платформасига ҳеч қачон қайта олмайдиган ҳолатда, таъсир анча жиддий ва доимий бўлади», – дейилади патентда.

«Meta» вакиллари журналистларга ҳозирча бу технологиядан фойдаланиш режаси йўқлигини маълум қилган. Шунингдек, патент олиниши ҳар доим ҳам компания ушбу технологияни ишлаб чиқиш, жорий этиш ёки қўллашини англатмаслиги таъкидланган.

Мутахассислар нима демоқда?

«Business Insider» томонидан сўралган мутахассислар таъкидлашича, бундай технологиялар нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий ва фалсафий жиҳатларни ҳам қамраб олади. Улар, жумладан, бундай инструментлар қайғу ва йўқотишни қабул қилиш жараёнига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid