
Мобил иловалар орқали пул ўтказмалари учун янги қоидалар жорий этилди
Энди P2P ўтказмалари учун ЖШШИР ва биометрик ҳаётийлик текшируви мажбурий бўлади.

Ўзбекистон Марказий банки жисмоний шахсларга масофадан молиявий хизматлар кўрсатишда киберхавфсизлик бўйича янги талабларни тасдиқлади. Тегишли ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди ва 3 ойдан кейин кучга киради.
Низомга кўра, мобил иловада рўйхатдан ўтган фойдаланувчи аккаунтига фақат ушбу шахс ёки яқин қариндошларига тегишли бўлган банк ҳисобварағи, банк картаси ва электрон ҳамёнларни бириктириши ҳамда ушбу аккаунт орқали P2P ўтказмаларини амалга ошириши мумкин.
Биометрик идентификация
Фойдаланувчининг телефон рақами ва ЖШШИРи мос келиши текширилади ҳамда мослик аниқланмаганда мобил иловада рўйхатдан ўтказиш ва банк картасини бириктиришга йўл қўйилмайди.
Кредит ва тўлов ташкилотлари фойдаланувчиларни биометрик идентификациядан ўтказишда ҳаётийлик факторларини аниқлаши шарт, яъни расм орқали идентификация қилиш мумкин бўлмайди.
Хавфсизлик учун СМС ва парол чекловлари
Телефонга юборилган 1 марталик СМС хабар 3 маротаба нотўғри киритилганда, фойдаланувчининг мобил иловадаги ҳаракатлари 15 дақиқа давомида вақтинча чекланади;
Мобил иловадаги аккаунтга бошқа қурилмадан кириш ёки унинг паролини қайта тиклашда ушбу аккаунтга боғланган барча банк карталари мобил иловадан автоматик тарзда чиқариб юборилади.
Шунингдек, ушбу қурилмада банк карталари бўйича молиявий операциялар тарихи ўчириб юборилади.
Бунда, банк карталарини бириктириш биометрик идентификациядан ўтказилган ҳолда амалга оширилади.





