«Mobiuz» мижозлари ҳам киберҳужумга учради

Компания тест серверига ноқонуний кириш аниқланганини тасдиқлади, мижоз маълумотлари сиздирилгани ҳақидаги даъволарни рад этди.

«Mobiuz» мижозлари ҳам киберҳужумга учради

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, мижозларнинг шахсий маълумотлари ва расмлари, шунингдек, қарийб 3 минг нафар ходимга оид маълумотлар Dark Web’га сиздирилган.

«Mobiuz» компанияси маҳаллий корпоратив тармоғига киберҳужум уюштирилганини расман тасдиқлади. Компания маълумотига кўра, феврал ойида хавфсизлик тизимлари мониторинги жараёнида асосий тизимларга уланмаган синов серверларидан бирига рухсатсиз кириш ҳолати аниқланган.

«Абонентлар ҳақидаги маълумотлар, уларнинг шахсий ва молиявий маълумотлари сақланадиган тизимлар тўлиқ ҳимояланган ҳудудда жойлашган. У ерга ҳеч қандай кириш излари топилмади. Хизматлар фаолияти бузилмаган, мижозларнинг шахсий маълумотлари сизиб чиқмаган», дея мижозлар маълумотлари қўлга киритилгани ҳақидаги хабарларни рад этди компания.

Ҳозирда «Mobiuz» масъул органлар билан ҳамкорликда ҳодисани батафсил текширмоқда. Шу билан бирга, ахборот тизимлари ҳимоясини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар амалга оширилаётгани маълум қилинди.

Компанияга 2025 йилда уюштирилган киберҳужумлар

Компания ахборотига кўра, киберхавфсизлик бўйича ихтисослашган бўлинма замонавий дастурий таъминот ёрдамида IT инфратузилмани кеча-ю кундуз кузатиб бормоқда. 2025 йил давомида 10 мингдан ортиқ турли даражадаги DDoS ҳужумлар, жумладан 180 дан зиёд жиддий хуружлар муваффақиятли бартараф этилган. Шунингдек, 68 мингдан зиёд фишинг ҳаволалари ва фирибгарлик сайтлари блокланган, тармоқ инфратузилмасига рухсатсиз киришга бўлган 3 уринишнинг олди олинган.

Teglar

Mavzuga oid