Молиявий хизматлар ҳажми 171,9 трлн сўмга етди

16.02.2026 | 10:352 daqiqa

2025 йилда соҳа 24,6 фоизга ўсиб, иқтисодиётдаги фаоллик ва кредитлаш суръатлари ошганини кўрсатди.

Молиявий хизматлар ҳажми 171,9 трлн сўмга етди

2025 йил якунига кўра Ўзбекистонда кўрсатилган молиявий хизматлар ҳажми 171,9 трлн сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,6 фоизга ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Юқори ўсиш суръати мамлакатда банк хизматлари, суғурта, микромолия ва бошқа молиявий инструментларга талаб кенгаяётганини англатади. Мутахассислар бундай динамикани бизнес фаоллиги тикланаётгани, аҳоли даромадлари ва истеъмол кредити бозори кенгаяётгани билан изоҳламоқда.

Энг кўп молиявий ҳизматлар кўрсатилган ҳудудлар

Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келди. Пойтахтда молиявий хизматлар ҳажми 99,6 трлн сўмни ташкил этган. Бу республика умумий кўрсаткичининг салмоқли қисмини ташкил қилади ва молиявий инфратузилманинг асосий маркази айнан пойтахт эканини тасдиқлайди.

Вилоятлар орасида Фарғона вилояти 8,9 трлн сўм, Андижон вилояти 8,7 трлн сўм ва Тошкент вилояти 7,3 трлн сўм кўрсаткич билан етакчи ўринларни эгаллади. Самарқанд вилоятида 7 трлн сўм, Қашқадарё вилоятида 5,6 трлн сўм молиявий хизмат кўрсатилган.

Молиявий ҳизматлар ҳажми кам ҳудудлар

Бухоро вилоятида 5,2 трлн сўм, Хоразм вилоятида 5,1 трлн сўм, Сурхондарё вилоятида 4,7 трлн сўм хизмат кўрсатилган. Наманган вилояти 4,4 трлн сўм, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси 4,2 трлн сўмдан, Жиззах вилояти 4,1 трлн сўм, Сирдарё вилояти эса 2,8 трлн сўм кўрсаткич билан қайд этилди.

Молиявий хизматлар ҳажмининг ўсиши иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги инвестиция ва истеъмол фаоллиги билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, бу тенденция яқин йилларда ҳам сақланиши кутилмоқда.

2025 йилда банкларнинг молиявий натижалари

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилда банк тизимининг жами активлари 924,7 трлн сўмни, капитали эса 135,4 трлн сўмни ташкил этди. Кредит портфели 604 трлн сўмгача, депозит портфели 417,3 трлн сўмгача ўсди.

Бу кўрсаткичларда давлат банкларининг улуши юқорилигича қолмоқда. 35 та банкдан 9 таси давлат банки бўлса, активларнинг 63 фоизи, кредитларнинг 67 фоизи, капиталнинг 60 фоизи, депозитларнинг 51 фоизи шу 9 та давлат банкига тўғри келмоқда.

Банкларнинг умумий соф фойдаси 2025 йилда 15,5 трлн сўмга (1,2 млрд доллар) етди ва бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 123 фоизга кўп бўлди.

Teglar

Mavzuga oid