Logo

Nika Pharm тарихий шахслар акс этган дори рекламаси учун жаримага тортилди

Bugun 11:251 daqiqa

Рақобат қўмитаси Rinoksil Formula+ рекламасида тарихий шахслар образларидан фойдаланилишини буюк аждодлар хотирасига ҳурматсизлик ва маънавий қадриятларга зид ҳолат деб баҳолади.

Nika Pharm тарихий шахслар акс этган дори рекламаси учун жаримага тортилди © Raqobat qo‘mitasi

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Nika Pharm компаниясини реклама қонунчилигини бузгани учун жаримага тортди.

Компания ижтимоий тармоқларда тарқатган Rinoksil Formula+ дори воситаси рекламасида бир қатор машҳур тарихий шахслар образларидан фойдаланган.

Қўмита маълум қилишича, реклама роликларида Амир Темур, Алишер Навоий, Ибн Сино, Жорж Вашингтон, Юлий Сезар ҳамда Наполеон Бонапарт каби шахслар мазкур дори воситасини қўллагани тасвирланган.

Назорат органи бундай ёндашувни таниқли тарихий шахслар, айниқса миллий меросимизга мансуб буюк аждодлар хотирасига нисбатан ҳурматсизлик сифатида баҳолади. Қўмитага кўра, ушбу реклама ахлоқ ва маънавиятнинг умумеътироф этилган нормаларига зид ҳисобланади.

Идора шунингдек, ижтимоий тармоқларда ахлоқий меъёрларга мос келмайдиган реклама материалларининг тарқалиши аҳоли орасида норозилик уйғотаётганини таъкидлади.

Қўмита «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасига таяниб, рекламада миллий ва оилавий қадриятларга, шунингдек, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид бўлган образлардан фойдаланиш тақиқланишини эслатди.

Махсус комиссия қарори билан Nika Pharm МЧЖга молиявий жарима қўлланди. Шу билан бирга, компанияга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.

Teglar

Mavzuga oid