Одамлар картадан-картага кўпроқ неча пул ўтказмоқда?

25.02.2026 | 15:103 daqiqa

Карта орқали P2P ўтказмалар асосан кундалик ҳисоб-китоблар ва ўзаро тўловлар учун қўлланилган. Айрим банклар P2P ўтказмалари учун фоизсиз лимитлар ҳам тақдим этмоқда.

Одамлар картадан-картага кўпроқ неча пул ўтказмоқда?

Марказий банк 2025 йилда картадан-картага ўтказилган P2P операцияларининг транзаксиялар таркиби бўйича маълумот тақдим этди. Унга кўра, карталар ўртасидаги ўтказмаларнинг асосий қисми кичик ва ўрта миқдордаги транзаксиялар ҳиссасига тўғри келади.

photo_2026-02-25_15-03-10

Регулятор маълумотларига кўра, барча P2P транзаксияларнинг 46,1 фоизи 1 млн сўмгача бўлган ўтказмалардан иборат, яъни йил давомида амалга оширилган ҳар иккинчи ўтказма кичик суммага тўғри келади.

1–5 млн сўм оралиғидаги ўтказмалар улуши 16,8 фоизни, 5–10 млн сўм миқдоридаги ўтказмалар эса 8,6 фоизни ташкил этган.

Шу тариқа, 10 млн сўмгача бўлган оператсиялар жами транзаксияларнинг 71,5 фоизини қамраб олган.

Бу кўрсаткичлар P2P ўтказмалар асосан кундалик ҳисоб-китоблар, шахсий ўзаро тўловлар ва маиший харажатлар учун амалга оширилаётганини кўрсатади.

Айни пайтда, 50-100 млн сўмгача бўлган жами транзаксияларнинг 5,4 фоизини, 100-200 млн сўмгача бўлганлар 3,2 фоизини, 200-500 млн сўмгача бўлганлар 1,4 фоизини, 500 млн сўмдан ортиқ бўлган йирик ўтказмалар эса атиги 0,2 фоизини ташкил этган. Бу эса карталар ўртасидаги оператсияларда йирик суммалар улуши жуда паст эканини англатади.

Марказий банк ҳозирча 2025 йилдаги Ме2Ме (ўзига ўзи ўтказиш) ўтказмаларидаги транзаксиялар таркиби ҳақида маълумот бермаган. 

Иқтисодчи Отабек Бакиров Ме2Ме ўтказмалари статистикасини ҳам очиқланишини сўраб: «Умид қиламизки, бу рақамлар P2P оператсияларни чеклаш ва солиқ маъмурчилигига тортиш учун асос бўлиб хизмат қилмайди. Зеро транзаксияларнинг етарлича катта қисмини тўловлар эмас, ўзига ўзи ўтказмалар (Ме2Ме) ҳам эгаллайди», — дейди. 

Ўзбекистонда оператсиялар асосан Узcард ва Ҳумо тўлов тизимлари орқали ўтади. Агар Ме2Ме турли банк ёки турли тармоқ ўртасида амалга оширилса, у техник жиҳатдан P2P сифатида қайта ишланиши мумкин.

«Банклар ва тўлов ташкилотлари ўртасида рақобатни кучайтириш ва транзаксион харажатларни қисқартиришда Ме2Ме операцияларининг мутлақо бепул бўлиши фавқулодда муҳим аҳамиятга эга», — дейди Бакиров.

Картадан картага пул ўтказиш нархи қандай? 

Ўзбекистон банклари ва тўлов ташкилотларининг аксарияти P2P ўтказмалари учун 1 фоизлик комиссия олади. 

Шунга қарамай, кўплаб банк иловаларида Ҳумо карталариаро пул ўтказмалар фоизсиз амалга оширилади. 

Банк ўз карталари орасидаги ўтказмалар ҳам аксарият банкларнинг иловасида фоизсиз ёки кам фоиз билан амалга оширилади.

Бир нечта банк иловалари доимий равишда ойлик лимит билан маълум бир суммани фоизсиз ўтказиш имкониятини яратган. 

Қуйидаги банк иловалари орқали фоизсиз пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин:

—«Asia Alliance Bank»нинг «Aliance Pay» иловаси орқали 10 млн сўмгача;

— «Biznesni rivojlantirish banki»нинг «BRB» иловаси орқали  5 млн сўмгача; 

— «Mikrokreditbank»нинг «Mavrid» иловаси орқали 5 млн сўмгача;

— «Hamkorbank»нинг «Hamkor» иловаси орқали 5 млн сўмгача;

— «Open bank» иловаси орқали 5 млн сўмгача;

— «SelloPay» иловаси орқали 5 млн сўмгача;

— «Davrbank»нинг «Davr Mobile2.0» иловаси орқали 3,5 млн сўмгача;

— «Turonbank»нинг «MyTuron» иловаси орқали 3 млн сўмгача;

— «Milliy bank»нинг «Milliy» иловаси орқали 3 млн сўмгача бўлган ўтказмаларини фоизсиз амалга ошириш мумкин.

Teglar

Mavzuga oid