Офицерларининг ойлик устамаси икки бараварга оширилади, аскарлар маоши ҳам кўпаяди

Kecha 21:453 daqiqa

Урганч, Термиз, Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида яна 5 та ҳарбий тайёргарлик ўқув маркази ташкил этилади.

Офицерларининг ойлик устамаси икки бараварга оширилади, аскарлар маоши ҳам кўпаяди

Мудофаа вазирлиги офицерларига хизмат йиллари учун тўланадиган ҳар ойлик устама миқдори икки бараварга оширилади, контракт бўйича хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик пул таъминоти 10 фоизга кўпайтирилади. Президент шавкат Мирзиёев мазкур таклифни қўллаб-қувватлаб, тегишли ҳужжатларни имзолади.

9 май – Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш юзасидан ўтказилган йиғилишда давлат раҳбарига ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, резерв ва захирадаги офицерлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан ахборот берилди.

Тақдимотда резервдаги ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Қайд этилишича, дунёда юз бераётган ҳарбий можаролар таҳлили уруш давридаги сафарбарлик эҳтиёжларидан келиб чиқиб, тинчлик даврида ҳарбий тайёргарликка эга бўлган офицерлар захирасини шакллантириш ва уларни мутахассисликлар бўйича тўғри тақсимлаш долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда.

Ҳарбий тайёргарлик

Ҳозирги кунда 4 та олий таълим ва 2 та олий ҳарбий таълим муассасасининг ҳарбий тайёргарлик ўқув марказлари ва факултетларида 42 та мутахассислик бўйича резерв ҳамда захирадаги офицерлар тайёрланяпти. Бунга қўшимча равишда Урганч, Термиз, Андижон давлат университетлари, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ҳамда Андижон давлат тиббиёт институтида яна 5 та ҳарбий тайёргарлик ўқув марказини ташкил этилади.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида қўшимча равишда “Чақириққача ҳарбий таълим” йўналиши бўйича 3 йиллик бакалавриат таълими асосида резерв ва захирадаги офицерларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Ҳарбий тиббиёт институтида эса илк бор клиник ординатура ва магистратурага қабул қилинган ҳамда ҳарбий тайёргарликдан ўтиш истагини билдирган талабалар тўлов-контракт асосида ўқитилади. Бундай имконият нодавлат олий таълим муассасалари талабалари учун ҳам яратилади.

Бугунги кунда долзарб бўлган сунъий интеллект, дрон, робототехника каби замонавий ва тор мутахассисликлар бўйича ҳам захира офицерлари тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳарбий тайёргарлик ўқув бўлинмалари учун илғор хорижий армиялар тажрибаси асосида янги ўқув режа ва дастурлар ишлаб чиқилади.

Жанговар шайлик

Йиғилишда аввало, армиянинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини ривожлантириш, шахсий таркибга янги тизим асосида таълим бериш ва касбга тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисобот берилди.

Хусусан, жанговар шайлик йўналишида қўшинларда мажмуавий стратегик ва қўмондонлик штаб ўқувлари, йиғин, дала чиқишлари ва ўқув курслари тизимли равишда ўтказиб келинаётгани, бунда шахсий таркибда ахлоқий-руҳий, реал жанговар вазиятларда қўрқув ва эмоцияларни бошқариш ҳамда дадил ҳаракатлана олиш каби муҳим жанговар сифатларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Замонавий жанговар ҳаракатлар таҳлилидан келиб чиқиб, барча ўқув, тренинг ва машғулотларда жанг олиб боришнинг янги усул ва шакллари ўзлаштирилаётгани, бўлинмаларнинг мобиллигини, жанговар имкониятларини ва қўйилган вазифаларни мустақил бажариш қобилиятини оширишга қаратилган тегишли чора-тадбирлар кўрилаётгани юзасидан ахборот берилди.

Teglar

Mavzuga oid