add

Олийгоҳларнинг миллий рейтинги эълон қилиб борилади

Bugun 15:152 daqiqa

Миллий рейтинг олийгоҳлар контингентига қараб ижтимоий-гуманитар, амалий, тиббиёт ҳамда ижод ва спорт йўналишлари бўйича тоифаланади.

Олийгоҳларнинг миллий рейтинги эълон қилиб борилади

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларини баҳолашнинг ягона ва тизимли механизмини жорий этиш режалаштирилмоқда. Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги олий таълим ташкилотларининг миллий рейтингини юритиш тартибини белгилайдиган низом лойиҳасини ишлаб чиқди. Ҳужжат таълим сифати, бошқарув самарадорлиги ва жамоатчилик ишончига асосланган баҳолашни йўлга қўйишни кўзда тутади.

Рейтингни шакллантириш

Лойиҳага кўра, миллий рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, камида уч йил фаолият юритган ва битирувчилари мавжуд бўлган олий таълим ташкилотлари иштирок этади. Олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган, ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари рейтингдан мустасно қилинади.

Рейтинг агентликнинг махсус дастурий таъминоти — ягона платформа орқали юритилиб, маълумотлар тегишли вазирлик ва идоралар ахборот тизимлари, олийгоҳлар тақдим этадиган маълумотлар ҳамда халқаро маълумотлар базалари асосида шакллантирилади. Маълумот манбалари ва верификация усуллари очиқ кўрсатилиши шарт.

Олий таълим ташкилотлари ҳар йили 1 февралга қадар зарур маълумотларни платформага жойлаши лозим. Белгиланган муддатда тақдим этилмаган маълумотлар рейтинг ҳисоб-китобларида инобатга олинмайди. Киритилган маълумотларнинг ишончлилиги ва ўз вақтида тақдим этилиши учун олийгоҳ раҳбари шахсан жавобгар этиб белгиланган.

Тоифалар ва натижалар

Лойиҳада умуммиллий сўровнома натижаларини рейтингда ҳисобга олиш назарда тутилган. Сўровнома ҳар йили 1 июнга қадар ўтказилиб, унда талабалар, профессор-ўқитувчилар ва иш берувчилар иштирок этиши мумкин.

Натижалар фақат олийгоҳда талабалар ва профессор-ўқитувчиларнинг камида 20 фоизи қатнашган тақдирда инобатга олинади. Миллий рейтинг олийгоҳлар контингентига қараб ижтимоий-гуманитар, амалий, тиббиёт ҳамда ижод ва спорт йўналишлари бўйича тоифаланади. Тоифаларни ҳар йили июл ойига қадар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги белгилайди.

Рейтинг натижалари балл тўплаш асосида ҳисобланиб, ҳар йили 31 октябрга қадар агентликнинг расмий веб-сайти ва ОАВда эълон қилинади. Асосли шубҳа ва далиллар мавжуд бўлса, ёлғон маълумот тақдим этилган рейтинг натижалари бекор қилиниб, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиши мумкин. Олийгоҳлар эълон қилинган кундан бошлаб 10 иш куни ичида натижалар бўйича мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Teglar

Mavzuga oid