Олтин рекорд нархига қайтиши учун яна икки йил керак — «Goldman Sachs»
Олтин нархи январдаги рекорд кўрсаткичидан 31,5 фоизга тушиб кетди. «Goldman Sachs» таҳлилчилари яқин ойларда нархларга нисбатан босим сақланиб қолишини, аммо 2028 йил охирига келиб, унинг бир трой унцияси 5 600 долларга етишини прогноз қилмоқда.
Bloomberg | © BloombergЖаҳон олтин бозорида кескин ўзгаришлар кузатилмоқда. Йил бошида тарихий рекорд ўрнатган ушбу қимматбаҳо металл кейинги ойларда сезиларли даражада арзонлашди. «Goldman Sachs» таҳлилчиларининг фикрича, олтин нархи аввалги юқори чўққисига қайтиши учун яна тахминан икки йил керак бўлади.
«Bloomberg» агентлиги хабарига кўра, «Goldman Sachs» мутахассиси Лина Томас бошчилигидаги таҳлилчилар гуруҳи олтиннинг бир трой унцияси 2027 йил охирига бориб 4 650 долларга, 2028 йил охирида эса 5 600 долларга етишини тахмин қилмоқда.
Шу билан бирга, банк яқин орада нархлар яна пасайиши ва уларнинг кескин ўзгариб туриш хавфи юқорилигича қолишини таъкидлаган.
Олтин нархи бир йил ичида 31,5 фоизга тушиб кетди
2026 йил январ ойининг охирида олтин нархи тарихий рекорд ўрнатиб, унинг бир трой унцияси 5 594,82 долларга етган эди.
Бироқ кейинги ойларда вазият бутунлай ўзгарди. «Reuters» маълумотларига кўра, 16 ноябр куни олтиннинг бир трой унцияси 3 830,74 долларгача пасайган. Бу 2025 йилнинг октябридан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.
Шундай қилиб, январдаги тарихий чўққидан сўнг олтин нархи 31,5 фоизга арзонлади. «Reuters» агентлигининг қайд этишича, жорий йилги натижа олтин учун 2015 йилдан буён энг ёмон йиллик кўрсаткич бўлиши мумкин.
«Goldman Sachs» таҳлилчиларига кўра, яқин келажакда ҳам олтин нархига босим сақланиб қолади. Шундай бўлса-да, банк узоқ муддатли истиқболда марказий банкларнинг харидлари ҳамда инвестиция фондлари талабининг тикланиши ҳисобига нархлар яна ўсишини тахмин қилмоқда.
Олтин нега арзонлашяпти?
Таҳлилчилар нархларнинг бу қадар тушиб кетишини асосан АҚШ долларининг мустаҳкамланиши ҳамда ФЗТ томонидан фоиз ставкаларининг яна кўтарилиши эҳтимоли билан изоҳламоқда.
Олтин халқаро бозорда асосан АҚШ долларида баҳоланади. АҚШ валютасининг бошқа валюталарга нисбатан қадри ошиши хорижий харидорлар учун олтинни қимматлаштиради ва табиийки, унга бўлган талабни чеклайди.
«Reuters» хабарига кўра, 16 ноябр куни доллар индекси 2025 йилнинг апрелидан буён қайд этилган энг юқори даражага яқинлашган.
Инвесторлар акциялар бозоридаги йўқотишларни қоплаш учун ҳам олтин сотмоқда
Олтин нархининг тушишига сабаб бўлаётган яна бир омил — фонд бозорларидаги тебранишлар.
«Reuters» маълумотларига кўра, октябр бошидан 13 ноябргача бўлган даврда «Nvidia» компаниясининг бозор капиталлашуви 1,9 триллион долларга камайган.
«MKS PAMP» таҳлилчиси Ники Шилснинг қайд этишича, бозордаги вақтинчалик босим пайтида инвесторлар нақд пул олиш мақсадида олтинни сотиб юбориши мумкин. Яъни, бундай вазиятда олтин хавфдан сақловчи восита эмас, балки бошқа активлардаги йўқотишларни ёпиш учун сотиладиган ликвид актив вазифасини ўтайди.
Бундан ташқари, Яқин Шарқдаги кескинлик нефт нархлари ҳамда инфляция хавфига таъсир ўтказмоқда. «Reuters» агентлигининг ёзишича, бу жараён ФЗТнинг қатъий сиёсатини сақлаб қолиш эҳтимолини янада оширади.
Марказий банклар олтин харид қилишни давом эттирмоқда
Нархлар пасаяётганига қарамай, марказий банклар ўз халқаро захираларини олтин билан тўлдиришда давом этмоқда. «Goldman Sachs» ўзининг узоқ муддатли прогнозини айнан шу омилга боғлаган.
«Жаҳон олтин кенгаши»нинг 3 ноябрдаги ҳисоботида айтилишича, 2026 йилнинг учинчи чорагида марказий банклар ва бошқа расмий муассасалар жами 321 тонна олтин харид қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42 фоизга кўп ва 2024 йилнинг тўртинчи чорагидан буён энг юқори чораклик кўрсаткичдир.
Йил бошидан то сентябр охиригача марказий банкларнинг соф харид ҳажми 675 тоннага етган.
«Goldman Sachs» таҳлилчилари 2026 ва 2027 йилларда марказий банклар томонидан ойига ўртача 60 тонна олтин сотиб олинишини тахмин қилмоқда. Таққослаш учун, 2022 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич ойига ўртача 17 тоннани ташкил қилган эди. Банкнинг мавсумий ўзгаришлар ҳисобга олинган сўнгги баҳолашига кўра эса, ҳозирда харидлар ҳажми ойига 85 тонна атрофида.
«Жаҳон олтин кенгаши» маълумотига кўра, сентябр ойида Полша ва Хитой энг йирик харидорлар бўлган. Ўзбекистон, Қозоғистон, Иордания, Чехия ва Боливия ҳам шу ойда ўз олтин захираларини кўпайтирган.
«Goldman Sachs» ўз прогнозини қайта кўриб чиқди
«Goldman Sachs»нинг олтин бўйича прогнозлари ноябр ойининг ўзида бир неча бор ўзгарди. «Kitco» хабарига кўра, банк 2026 йил якуни учун нарх прогнозини 4 650 доллардан 4 150 долларга, 2027 йил учун эса 5 400 доллардан 4 800 долларга туширган эди.
Бироқ, 17 ноябр куни «Bloomberg» агентлиги тарқатган янги хабарда «Goldman Sachs»нинг навбатдаги таҳлили келтирилган. Унга кўра, 2027 йил охирига бориб олтин нархи 4 650 долларни, 2028 йил охирида эса 5 600 долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Шу тариқа, банкнинг 2027 йилга мўлжалланган сўнгги прогнози аввалги кутилмадан (4 800 доллар) бироз пастроқ бўлди. 2028 йил учун берилган 5 600 долларлик кўрсаткич эса январ ойидаги тарихий рекордга жуда яқин.





