Logo

«Asakabank»га янги бошқарув раиси тайинланди

Bugun 15:232 daqiqa

Энди банкни банк-молия соҳасида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга Иракли Элашвили бошқаради.

«Asakabank»га янги бошқарув раиси тайинланди © Ipoteka bank

«Asakabank» АЖ бошқаруви раиси лавозимига Иракли Давидович Элашвили тайинланди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Элашвили молия ва банк соҳасида 20 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга. У 2025 йилдан 2026 йил сентябригача «Ipotekabank» бошқаруви раисининг ўринбосари, шунингдек, корпоратив банк хизматлари ва бозор инструментлари блоки раҳбари лавозимида ишлаган.

У фаолияти давомида Буюк Британиянинг «Barclays Bank», Франсиянинг «BNP Paribas», Грузиянинг «TBC Capital» ва «FINCA Bank Georgia» молия ташкилотларида турли раҳбарлик лавозимларини эгаллаган. Шунингдек, «Ҳамкорбанк» кузатув кенгашининг мустақил аъзоси бўлган.

Халқаро банк тажрибаси

Иракли Элашвили 2002-йилда Тбилиси давлат университетининг банк иши ва молия йўналишини тамомлаган. 2008-йилда эса «London Business School»да бизнес бошқаруви бўйича МБА даражасини олган.

Унинг касбий фаолиятида халқаро банклар ва молия институтларидаги раҳбарлик тажрибаси муҳим ўрин тутади. Хусусан, корпоратив банк хизматлари, бозор инструментлари ва молиявий бошқарув йўналишларида ишлаган.

«Asakabank» маълумотига кўра, янги раҳбар зиммасига банкнинг стратегик ривожланишини таъминлаш, трансформация жараёнларини изчил давом эттириш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, операцион самарадорликни ошириш, рақамли банк хизматларини ривожлантириш ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш каби вазифалар юклатилган.

Шунингдек, банкнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва хусусийлаштириш жараёнларига тайёргарлик кўриш устувор стратегик вазифалардан ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid