Ўқитувчиларга имтиёз: ваъдалар нега қарорда қисқариб кетди?
Педагогларга ваъда қилинган имтиёзлар қарорга келганда қисқариб, энг зарур хизматлар рўйхатдан четда қолди. Vaqt.uz мухбири вазирликдан бу ҳолат юзасидан изоҳ сўради.
Ўқитувчилар 2025 йил 15 сентябрда давлат раҳбари томонидан ваъда қилинган имтиёзларнинг кечиккани ва уларнинг қарорда кучга киргунча қисқариб кетгани ҳақида ёзган эдик.
Ўшанда 2026 йилдан бошлаб қуйидаги имтиёзлар берилиши ваъда қилинган эди:
— камида 15 йил иш стажига эга бўлган олий тоифали педагогларга ипотека кредити бошланғич бадалининг 25 фоизи қоплаб берилиши;
— давлат олий таълим муассасаларига ўқишга кирган педагоглар фарзандларининг контракт суммасига 30 фоиз чегирма берилиши;
— ўқитувчилар учун компьютер харидига 10 миллион сўмгача имтиёзли кредит ажратилиши;
— педагоглар учун давлат хизматлари тўлови икки карра камайтирилиши;
— бошланғич таълим ўқитувчилари учун миллий сертификат тизими жорий қилиниши ва унга устама тўланиши;
— имтиёзли диплом билан ишга кирганларга автоматик малака тоифаси берилиши;
— TOP-300 олийгоҳларга кирган педагогларга 20 минг долларгача имтиёзли кредит ажратилиши;
— энг яхши таълим муассасалари педагогларига транспорт чипталарида 15–20 фоиз чегирма берилиши.
Нега имтиёзлар қисқариб кетди?
«Vaqt.uz» 21 апрел куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан бўлиб ўтган матбуот анжуманида айнан Президент ваъда қилган имтиёзларнинг нима сабабдан қисқаргани ва давлат хизматлари рўйхати нега чеклангани юзасидан савол билан мурожаат қилди.
Вазирликнинг юридик бўлими бошқармаси раҳбари Алижонов Жаҳонгир «Vaqt.uz» мухбирининг бу борадаги саволига жавоб берди. Унинг таъкидлашича, педагоглар учун имтиёзлар Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 16 апрелда қабул қилинган 175-сонли қарори билан белгиланган. Ушбу қарорга мувофиқ, бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.
Хусусан, 312-сонли қарор — жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш регламентига тегишли ҳужжатда 51 та давлат хизмати рўйхати белгиланган. Янги қўшимчага кўра, ушбу хизматлар бўйича педагоглар учун 50 фоизлик имтиёз жорий этилган.
Бироқ барча хизмат турлари ҳозирча қамраб олинмаган. Расмийга кўра, агар хизмат учун тўлов ундирилса, тегишли тўлов ҳужжатларига, агар давлат божи белгиланган бўлса, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш киритиш талаб этилади. Айни пайтда мазкур қонунга ўзгартиш киритиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилган ва тасдиқланиши кутилмоқда.
Шу боис, ҳозирча имтиёзлар фақат айрим хизматлар — педагоглар аттестацияси, касбий сертификат ва тил билан боғлиқ хизматлар ҳамда 312-сонли қарорда кўрсатилган 51 та давлат хизмати доирасида амал қилмоқда.
Шунингдек, ушбу имтиёзлар фақат педагоглар жисмоний шахс сифатида мурожаат қилганда қўлланилади. Яъни тадбиркорлик ёки юридик шахс сифатидаги хизматларга бу имтиёз татбиқ этилмайди.
Бошқа ваъда қилинган имтиёзлар бўйича ҳам ишлар давом этмоқда. Жумладан, транспорт хизматларида чегирмалар ҳамда педагоглар фарзандлари учун контракт тўловларида 30 фоизлик имтиёз жорий этиш бўйича тегишли вазирликлар томонидан лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Маълум қилинишича, мазкур лойиҳалар ҳозирда идоралараро келишув босқичида бўлиб, яқин кунларда жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилиши кутилмоқда. Улар янги ўқув йилидан кучга кириши режалаштирилган.
«5 та хизмат эмас, 60 га яқин хизмат қамраб олинган» — Адлия вазирлиги
Шунингдек, Адлия вазирлиги матбуот котиби Қиличев Ҳаётжон ҳам муносабат билдирди. Унинг «Vaqt.uz»га маълум қилишича, 5 та хизмат эмас, 60 га яқин турдаги хизматларни кўрсатишда белгиланган йиғим ва тўловларни ундиришда бир қатор тўловларнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз қўлланилиши назарда тутилган.
Шунингдек, Адлия вазирлиги томонидан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда лойиҳа кўриб чиқиш жараёнида экани маълум қилинди. Унинг айтишича, лойиҳада педагог шахсларга тадбиркорлик фаолияти мақсадларида ёки юридик шахснинг вакили сифатида мурожаат қилиш ҳолларидан ташқари барча давлат хизматларини кўрсатиш чоғида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган давлат божлари бўйича 50 фоизли чегирма қўлланилиши назарда тутилган.
Умуман олганда, педагогларга бериладиган имтиёзлар шунчаки ижтимоий ёрдам эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат учун қайтарилиши лозим бўлган ҳақдир. Афсуски, бугунги «кечиккан ва қисқарган» имтиёзлар рўйхати соҳа вакилларининг қадри ва эҳтиёжларидан анча узоқда эканини кўрсатмоқда.
Агар ўқитувчи трактор ҳайдаш учун эмас, балки муносиб турмуш кечириши учун кўмак кутаётган бўлса, мутасаддилар рўйхатни «бори билан» эмас, «кераги билан» тўлдиришлари шарт.
Teglar






