ОТМларга кириш тест синовлари якунланди, 25 июлдан танловнинг иккинчи босқичи бошланади
Ўзбекистонда 2026/2027-ўқув йили учун давлат олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовлари якунланди. Имтиҳонларда 610 мингдан ортиқ абитуриент қатнашган бўлса, қоидаларни бузган 70 нафардан ортиқ абитуриент тест жараёнидан четлатилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда давлат олий ва касбий таълим муассасаларига 2026/2027-ўқув йили учун қабул тест синовлари якунланди. Бу ҳақда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълум қилди.
Агентлик маълумотларига кўра, 14–23 июль кунлари ўтказилган тест синовларида иштирок этиши белгиланган 664 минг 609 нафар абитуриентдан 610 минг нафардан ортиғи қатнашган.
Имтиҳон қоидаларини бузган 70 нафардан ортиқ абитуриент тест синовларидан четлатилган.
23-июль куни бўлиб ўтган тест синовларининг сўнгги кунида эса режалаштирилган 45 минг 520 нафар абитуриентнинг деярли барчаси имтиҳонда иштирок этган. Мазкур кунда қоидабузарлик ҳолатлари қайд этилмаган.
25 июлдан танловнинг иккинчи босқичи бошланади
24 июль куни тест синовларининг 10-кун натижалари эълон қилингач, абитуриентлар қабулнинг иккинчи босқичида иштирок этиш имконига эга бўлади.
Иккинчи босқич 25 июлдан 8 августга қадар давом этади. Бу даврда абитуриентлар олий таълим муассасаси, таълим йўналиши, таълим шакли ҳамда устуворликларни танлайди.
Якуний мандат натижалари эса танловнинг иккинчи босқичи якунланганидан сўнг бир ҳафта ичида эълон қилинади.
13 мингга яқин абитуриент тестдан озод этилди
Жорий йилда олий ва касбий таълим муассасаларига кириш учун 677 минг 900 нафарга яқин абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган.
Шундан 451 минг 700 нафари жорий йил битирувчилари, 226 минг 200 нафари эса аввалги йилларда мактаб ёки коллежни тамомлаган абитуриентлардир.
Бундан ташқари, барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларидан озод этилиб, тўғридан тўғри танлов босқичига ўтказилган.
Тест синовларини ўтказиш учун республика бўйлаб 64 та йирик бино тайёрланган бўлиб, улар бир кунда қарийб 71 минг нафар абитуриентни қабул қилиш имкониятига эга бўлган.
Аввалроқ Таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссияси 2026/2027-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига қабул параметрларини тасдиқлаганди. Унга кўра, бакалавриат кундузги таълим шаклига 155 минг 852 нафар абитуриент қабул қилинади.





