
«Ўзбекгидроэнерго»га янги раҳбар тайинланди
Абдуғани Сангинов «Ўзбекнефтгаз»га ўтгач, унинг ўрнига «Ўзбекгидроэнерго»да ўғли Ислом Абдураҳмонов раҳбар бўлди.

Абдуғани Сангинов «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбари этиб тайинлангач, «Ўзбекгидроэнерго» компаниясида бўшаб қолган раҳбарлик лавозимига унинг ўғли Ислом Абдураҳмонов тайинланди.
Маълум қилинишича, Ислом Абдуғаниевич Абдураҳмонов «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб белгиланган. У ушбу лавозимга ташкилотнинг аввалги раҳбари бўлган Абдуғани Сангинов ўрнига келган.
Ҳозирда 66 ёшда бўлган Абдуғани Сангинов илгари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги «Ўзсувэнерго» бирлашмасига раҳбарлик қилган. 2017 йил май ойида мазкур бирлашма негизида ташкил этилган «Ўзбекгидроэнерго» АЖ бошқаруви раиси этиб тайинланган эди.
2025 йил 17 декабр куни «Ўзбекнефтгаз» АЖда ҳам раҳбарият алмашгани маълум бўлди. Баҳодир Сиддиқов компания раҳбарлигидан кетиб, унинг ўрнини Абдуғани Сангинов эгаллаган.
Маълум бўлишича, Ислом Абдураҳмонов ҳозирда «To‘palang HPD water construction» УКнинг ягона таъсисчиси бўлган «To‘palang HPD HOLDING» МЧЖга раҳбарлик қилади. Холдинг устав капиталидаги улушларнинг катта қисми — 61,70 фоизи унга тегишли ҳисобланади.





