Ўзбекистон 4,2 миллион тонна буғдой сотиб олиши керак — FAO
Аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлган биринчи навли буғдой унининг ўртача нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан юқори бўлиб қолмоқда. Бунга ишлаб чиқариш харажатларининг ошгани ва буғдой импорт нархларининг қимматлагани сабаб бўлмоқда.
© Asia-Plus2026–2027-йил мавсумида Ўзбекистоннинг буғдой импортига эҳтиёжи бироз юқори бўлади ва мамлакат четдан яна 4,2 миллион тонна буғдой харид қилиши керак. Бу ҳақда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳисоботида келтирилган.
2026-йилги кузги дон экинлари, асосан буғдой йиғим-терими давом этмоқда ва 2026-йил август ойининг ўрталарига қадар якунланиши кутилмоқда. Жорий йилнинг март ва май ойлари оралиғида дон етиштириладиган асосий ҳудудларда ёғингарчилик миқдори ўртача кўрсаткичларга яқин бўлди. Бу эса тупроқдаги намлик ҳолатини яхшилаб, экинларнинг ривожланиши учун қулай шароит яратди.
2026-йилги баҳорги дон экинлари, асосан маккажўхори ва шоли экиш ишлари июнь ойида якунланди. Уларни йиғиб олиш ишлари эса август ойида бошланиши кутилмоқда. 2026-йилда умумий дон ишлаб чиқариш ҳажми дастлабки прогнозларга кўра, ўртача кўрсаткичдан юқори бўлиб, тахминан 9 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Шундан 7,3 миллион тоннаси буғдой, 900 минг тоннага яқини маккажўхори ҳиссасига тўғри келади.
2026–2027-йил мавсумида (2026-йилнинг июлидан 2027-йилнинг июнигача) буғдой импортига бўлган эҳтиёж, жумладан буғдой дони ва ун импорти, ўртача кўрсаткичдан бироз юқори бўлиши прогноз қилинмоқда. Кутилаётган импорт ҳажми 4,2 миллион тонна атрофида бўлади. Буғдой ва ун импорти мамлакатнинг умумий дон импортининг 90 фоиздан ортиғини ташкил қилади.
2016–2017 ва 2026–2027-маркетинг йиллари оралиғида буғдой унининг импорти қарийб 70 фоизга ошган. Бунга асосий сабаб — ички талабнинг барқарор ўсиб бораётгани. Шунингдек, юқори сифатли буғдой дони импорти ҳам сўнгги ўн йил ичида кўпайган. Ушбу буғдой асосан Қозоғистондан олиб келинмоқда. Бунга Ўзбекистонда ун ишлаб чиқариш қувватларига киритилган доимий инвестициялар ҳам сабаб бўлмоқда.
2026-йилда инфляция беш йил ичидаги энг паст даражага тушди
Ўзбекистон Марказий банки маълумотларига кўра, йиллик инфляция даражаси 2025-йил охиридаги 7,3 фоиздан 2026-йилнинг май ойида 5,5 фоизгача пасайди. Бунга қатъий пул-кредит сиёсати сабаб бўлди. Натижада, 2026-йилда ўртача инфляция сўнгги беш йил ичидаги энг паст даражага тушди. Бу нарх босимларининг камайгани ва макроиқтисодий барқарорлик яхшиланганини кўрсатади. Бироқ Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) прогнозларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг реал ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиш суръати 2025-йилдаги 7,7 фоиздан 2026-йилда 6,8 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири бўлган биринчи навли буғдой унининг ўртача нархлари ўтган йилги кўрсаткичдан юқори бўлиб қолмоқда. Бунга ишлаб чиқариш харажатларининг ошгани ва буғдой импорт нархларининг қимматлашгани сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026-йил ҳосилидан бошлаб пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизми жорий этилиши ҳақида ёзган эдик.





