Ўзбекистон БААга чорвачилик маҳсулотлари етказиб беради
Бирлашган Араб Амирликлари Ўзбекистондан чорвачилик маҳсулотларини импорт қилишга рухсат берди ва ветеринария сертификатлари бўйича келишув якунланди.

Экспорт учун расмий рухсат берилди
Ўзбекистондан Бирлашган Араб Амирликларига чорвачилик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича муҳим келишувга эришилди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, БААнинг Иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазирлиги Ўзбекистондан бир қатор чорвачилик маҳсулотларини импорт қилиш учун зарур бўлган ветеринария-санитария сертификатлари намуналарини икки томонлама келишиб олганлигини тасдиқлаган.
Қандай маҳсулотлар экспорт қилинади?
Келишув доирасида инкубацион тухум, бир кунлик жўжалар, истеъмол тухуми, парранда гўшти ҳамда қуён гўштини экспорт қилишга рухсат берилди.
Қайд этилишича, мазкур сертификатлар маҳсулотнинг импорт қилувчи мамлакат санитария талабларига тўлиқ мос келишини тасдиқлайди.
Шунингдек, келишилган намуна ҳужжатлари товарларнинг БАА божхонасидан ўтиши учун мажбурий талаб ҳисобланади.





