add

Ўзбекистон Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси қайта кўриб чиқилади

Йиғилишда ҳарбий хизматчиларнинг иш ҳақи, уларга тўланадиган устамалар оширилиши ва пенсия тайинлашда ҳисобга олинадиган миқдор ҳам кўтарилиши эълон қилинди.

Ўзбекистон Мудофаа доктринаси ва Миллий хавфсизлик концепцияси қайта кўриб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Президент Матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев нутқидаги асосий жиҳатларни келтирди:

- тез ўзгарувчан минтақавий ва глобал вазиятни ҳисобга олган ҳолда мамлакатнинг ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини янада мустаҳкамлаш зарурлиги тасдиқланди;

- мудофаа соҳасида хавф-хатар ва таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ва проактив ёндашувга ўтиш вазифаси қўйилди;

- Қуролли Кучларнинг модернизацияси мобиллик, технологик жиҳозланганлик ва бошқарув самарадорлигини оширишга, рақамли ечимлар ва замонавий технологияларни кенг қўллашга таяниши кераклиги қайд этилди;

- мудофаа саноатини янада ривожлантириш, унинг технологик даражаси ва барқарорлигини ошириш, рақамли ечимлар ва сунъий интеллект технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишлари белгиланди;

- армиянинг инсон капиталини ривожлантириш ва ҳарбий таълим тизимини янада такомиллаштириш, жумладан, ўқув жараёнини Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети негизида рақамли ва интеллектуал таълим технологияларидан фойдаланган ҳолда йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди;

- ҳарбий-илмий ва инфратузилмавий базани мустаҳкамлаш, муҳандис-техник ва кибермутахассисларнинг янги авлодини тайёрлаш учун шароитлар яратиш зарурлиги таъкидланди,

- саккиз йил олдин қабул қилинган Мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилдаги Миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келгани кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган Хавфсизлик кенгаши йиғилишида қуйидаги вазифа ва имкониятлар белгилаб олинди:

- муддатли ҳарбий хизматнинг янги модели шакллантирилиши белгиланди, бунда ҳар бир ҳарбий хизматчи армиядан қайтганда касбий кўникмалар ва реал истиқболларга эга бўлади;

- «Бир миллион дастурчи» ва «Сунъий интеллект соҳасида беш миллион етакчи» дастурлари доирасида ҳар йили 5 минг нафар муддатли ҳарбий хизматчилар ўқитилади;

- муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун шарт-шароитлар яратилади, шунингдек, ҳарбий хизматдан қайтгандан кейин ўқиши қўллаб-қувватланади, шу жумладан сертификат харажатлари қопланади ва фоизсиз таълим кредитлари берилади;

- муддатли ҳарбий хизматдан қайтганларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш чоралари кенгайтирилмоқда, шу жумладан уларнинг тадбиркорлиги қўллаб-қувватланади ва ишга жойлашишда қўшимча имтиёзлар берилади;

- ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва турмуш шароитлари янада яхшиланади, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оилалари ва ҳарбий пенсионерларни ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади:

- 1 апрелдан бошлаб офицерларнинг кўп йиллик хизмати учун устама ҳақи 2 бараварга оширилади;

- контракт бўйича ҳарбий хизматчилар ва сержантларнинг иш ҳақи 10 фоизга оширилади;

- ҳудудий мудофаа органларининг ҳарбий бўлмаган ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш жорий йилда 20 фоизга, келгуси йилда яна 50 фоизга оширилади;

- 30 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ҳарбий хизматчиларга пенсия ҳисоблашда ҳисобга олинадиган пул таъминоти миқдори 75 фоиздан 100 фоизгача оширилади;

- маънавий-маърифий тарбия мақсадида жорий йилда ҳарбий қисм ва муассасалар 1 миллион нусхада бадиий адабиётлар билан таъминланади;

- армияда спортни ривожлантириш давом эттирилади, жумладан, ёшларнинг қизиқишига жавоб берадиган замонавий йўналишлар жорий этилади;

- ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, бунда рақамли макон хусусиятларини ҳисобга олиш муҳимлиги таъкидланди.

Teglar

Mavzuga oid