Logo

Ўзбекистон Оролбўйи учун 5 млн доллар ажратади: у нимага ишлатилади?

Bugun 20:002 daqiqa

Аввал 16,2 млн доллар маблағ жалб қилинган.

Ўзбекистон Оролбўйи учун 5 млн доллар ажратади: у нимага ишлатилади? © Fofo: wikipedia

Ўзбекистон Орол денгизи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама траст фондининг иккинчи босқичига 5 млн доллар ажратиш мажбуриятини олди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.

Иккинчи босқич 2030-йилгача мўлжалланган. У алоҳида индивидуал синов лойиҳалардан ўлчанадиган натижаларга эга ва аҳолининг кенг қатламини қамраб оладиган йирик комплекс дастурларга ўтишни назарда тутади. Ҳукуматнинг ҳиссаси халқаро ҳамкорларнинг қўшимча маблағларини жалб қилиш, аралаш молиялаштириш механизмларини шакллантириш ва иштирокчилар доирасини кенгайтириш учун асос сифатида қаралмоқда.

Фонд 2018-йилда ташкил этилган. Биринчи босқич давомида у 16,2 млн доллар маблағ жалб қилган. Лойиҳа таклифлари бўйича ўтказилган тўртта танлов натижасида БМТ тизимидаги саккизта ташкилот иштирокида тўққизта қўшма дастур ва битта алоҳида агентлик лойиҳаси молиялаштирилган. 2023-йилнинг охирига келиб, ташаббуслар Қорақалпоғистоннинг саккизта туманида 293 мингдан ортиқ бевосита бенефициарни қамраб олган.

Учрашувда Орол экологик ҳалокати оқибатлари аҳоли саломатлиги, экотизимлар ҳолати, сув ва озиқ-овқат ресурсларидан фойдаланиш имконияти, даромад манбалари ҳамда маҳаллий жамоаларнинг ҳаёт сифатига таъсир кўрсатишда давом этаётгани таъкидланган.

Фонд фаолиятининг кейинги босқичидаги устувор йўналишлар қаторида иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш ва барқарор даромад манбаларини қўллаб-қувватлаш, экологик ва касбий кўникмаларни шакллантириш ҳамда хусусий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган.

Иштирокчилар, шунингдек, келишилган ҳуқуқий ва молиявий талаблар асосида БМТ тизимига кирмайдиган малакали ташкилотларни жалб қилиш орқали ҳамкорлик моделини кенгайтириш масаласини ҳам муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оролни қутқариш учун 3,3 млрд долларлик 133 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида ёзган эдик. Пулларни Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Яшил иқлим жамғармаси, Глобал экологик жамғарма ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар беради.

Teglar

Mavzuga oid