Logo

Вазир Darknet’да ўзбекистонликларнинг маълумотлари сотувга чиқарилиши билан боғлиқ таҳдидга муносабат билдирди

Bugun 16:522 daqiqa

Дастлаб ҳайдовчиларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари «пулланаётгани» айтилди. Орадан бироз вақт ўтиб, 27 млн кишининг маълумотлари сотувга чиқарилиши айтилди.

Вазир Darknet’да ўзбекистонликларнинг маълумотлари сотувга чиқарилиши билан боғлиқ таҳдидга муносабат билдирди © Digital.uz

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов 27 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари хакерлар гуруҳи томонидан қўлга киритилгани ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Яқинда 27 миллион маълумот чиқиб кетди, деб шов-шув қилган “Butterfly team”нинг мақсади ҳам айнан шу масалага эътибор қаратиш бўлганини ўзи ҳам ёзиб чиқибди. Лекин ҳозир тарқалмади дегани, зудлик билан чоралар кўрилмаса, эртага бундай ҳолат бўлмаслигига кафолат дегани эмас!» — деб ёзди вазир.

У барча давлат, нодавлат ва тижорат ташкилотлари ўз тизимларида доимий равишда заифликларни тузатиб бориши зарурлигини таъкидлади.

Шерматов сунъий интеллектни ривожлантиришга сармоя қилинганида, ундан ҳимоя қилишга ҳам тегишли сармоя киритиш жуда муҳимлигини таъкидлади.

«Уни СИ йўналишида мақсадсиз сарф деб ҳисобланса, риск ортаверaди», — дейди у.

Унинг айтишича, зудлик билан тизимларни тузатиш чоралари кўрилмаса, рақамлаштириш ва СИ ривожи борган сари хавфнинг ортишига сабаб бўлаверади.

Сўнгги кунларда ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари тарқалаётгани билан боғлиқ муаммолар кузатилмоқда. Дастлаб ҳайдовчиларнинг Safe Road базасидаги маълумотлари сизиб чиққани айтилди. Бундан ташқари тармоқларда inDrive, Lada Auto, KiwiTaxi, Fargo, Maktab.uz, Andalus ва бошқа хизматларга алоқадор бўлиши мумкин бўлган маълумотлар базалари тарқатилаётгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди.

Кейинчалик эса ўзини «BUTTERFLY» деб атайдиган хакерлар гуруҳи Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритган собиқ Персоналлаштириш агентлигининг маълумотлар базасига киргани ва 27 миллиондан ортиқ фуқаронинг маълумотларини қўлга киритганини даъво қилди. Хакерлар ўз даъволарига далил сифатида Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ талабалар «Хавфсиз талаба» иловасини ўрнатишга мажбурлангани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Mavzuga oid