Ўзбекистон паспорти халқаро рейтингда 9 поғона пастлади
Марказий Осиёда энг юқори кўрсаткични Қозоғистон паспорти (66-ўрин) қайд этди.

Ўзбекистон Henley Passport Index халқаро рейтингида 82-ўринга тушди. Мамлакат фуқаролари дунёнинг 59 та давлатига визасиз саёҳат қилиш имкониятига эга. Бу ҳақда индекснинг 2026 йил октябрь ойи учун эълон қилинган ҳисоботида маълум қилинди.
Янгиланган рўйхатга кўра, Ўзбекистон жорий йилнинг апрель ойидаги кўрсаткичидан 9 поғонага пастлаб, 73-ўриндан 82-ўринга тушган. Мазкур ўриндан Ўзбекистон билан бир қаторда Буркина-Фасо ва Того давлатлари ҳам жой олган.
Рейтинг етакчиси сифатида Сингапур қайд этилди. Ушбу давлат фуқаролари дунёнинг 193 та йўналишига визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлиб, рўйхатнинг 1-ўринини эгаллаб турибди.
Рейтингнинг энг охирги, 106-ўринида эса бор-йўғи 22 та давлатга визасиз кириш имконини берувчи Афғонистон паспорти жойлашган.
Марказий Осиё давлатларининг рейтингдаги ўрни
Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қозоғистон энг юқори кўрсаткични қайд этган бўлиб, 77 та йўналишга визасиз кириш имконияти билан 66-ўриндан жой олган. Минтақадаги бошқа давлатларнинг натижалари қуйидагича:
— Қирғизистон — 78-ўрин (63 та йўналиш);
— Тожикистон — 84-ўрин (52 та йўналиш);
— Туркманистон — 93-ўрин (44 та йўналиш).





