Ўзбекистон қишки Олимпиадани медалсиз якунлади
Қишки Олимпиаданинг шорт-трек ва тоғ чанғиси баҳсларида қатнашган ўзбекистонлик вакиллар ўйинларни медалсиз якунлади.

Ўзбекистон делегацияси Милан–Кортина–2026 қишки Олимпия ўйинларини медалсиз якунлади. Мамлакат шарафини шорт-трекчи Даниил Ейбог ҳамда тоғ чанғичиси Медет Назаров ҳимоя қилди.
Даниил Ейбог
Шорт-трек бўйича Даниил Ейбог 1500 метр масофада чорак финал босқичидан муваффақиятли ўтди. У ўз гуруҳида 2 дақиқа 16.963 сония натижа билан учинчи бўлиб маррага етиб келиб, ярим финалга йўлланма олди. Кейинчалик «B» финалда қатнашган спортчи бешинчи ўринни эгаллади ва умумий ҳисобда 14-поғонада мусобақани якунлади.
500 метр масофада ҳам у саралаш босқичидан ўтди. Бироқ чорак финалда бешинчи бўлиб етиб келди ва ярим финалга чиқа олмади. Шу тариқа Ейбог Олимпиададаги иштирокини якунлади.
Медет Назаров
Тоға чанғиси йўналишида Медет Назаров гигант-слалом дастурида икки стартни амалга оширди. Биринчи уринишда 1 дақиқа 25.75 сония, иккинчисида 1 дақиқа 21.14 сония натижа кўрсатди. Жами 2 дақиқа 46.89 сония билан у 50-ўринни эгаллади.
Слалом дастурида эса биринчи стартда 1 дақиқа 7.51 сония натижа қайд этилди. Бироқ иккинчи уринишда у маррага етиб кела олмади ва мусобақани муддатидан аввал тугатди.
Маълумот учун, саралаш босқичи якунларига кўра, фигурли учишнинг жуфтлик дастурида Дмитрий Чигирёв ва Екатерина Гейниш Олимпиада йўлланмасини қўлга киритган эди. Бироқ тайёргарлик жараёнида Дмитрий Чигирёв жароҳат олгани сабаб мусобақагача тиклана олмади. Натижада Ўзбекистон делегацияси қишки Олимпиадада фақат тоғ чанғиси ва шорт-трек дастурларида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 1994-йилда Лиллехаммердаги (Норвегия) қишки Олимпия ўйинларида тарихда илк бор иштирок этиб, биринчи олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлган. Миллий терма жамоада 7 нафар спортчи, шулардан 4 нафарини аёллар ташкил этган. Ўзбекистон тарихидаги биринчи Олимпия чемпиони чанғи акробатикаси мусобақаларида Лина Черязова фристайлнинг акробатика тури бўйича олтин медални қўлга киритган.
