Logo

Ўзбекистон тиббиётида бозор хизматлари ҳажми 14,2 фоизга ошди

Bugun 15:352 daqiqa

Кўрсатилган тиббий хизматларнинг 45,5 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистон тиббиётида бозор хизматлари ҳажми 14,2 фоизга ошди © Prezident matbuot xizmati

Ўзбекистонда 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 17,6 триллион сўмни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Ушбу кўрсаткич 2025-йилнинг мос даврига нисбатан реал ҳисобда 14,2 фоизга ошган. Ҳудудлар орасида Тошкент шаҳри 8 трлн сўмлик тиббий хизматлар билан етакчилик қилмоқда. Бу мамлакат бўйича жами кўрсаткичнинг 45,5 фоизига тенг.

Тошкент вилоятида бу кўрсаткич 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, пойтахтдагидан 4,4 баробар кам. Кейинги юқори кўрсаткичлар Самарқанд (1,3 трлн сўм) ва Фарғона (1 трлн сўм) вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Наманганда тиббий хизматлар ҳажми 870,9 млрд сўмни ташкил этиб, Андижондагидан (796,9 млрд сўм) қарийб 9 фоизга кўп бўлган. Бухоро (609,2 млрд сўм) ва Хоразм (591,7 млрд сўм) вилоятларидаги кўрсаткичлар деярли тенг. Қашқадарё (553,2 млрд сўм) ва Қорақалпоғистонда (525,1 млрд сўм) эса хизматлар ҳажми Намангандагидан қарийб 1,6 баробар кам бўлган.

Энг кам хизматлар ҳажми Навоий (296,3 млрд сўм), Сирдарё (307,5 млрд сўм), Жиззах (395,7 млрд сўм) ва Сурхондарё (442,4 млрд сўм) вилоятларида қайд этилган. Навоийдаги кўрсаткич Тошкент шаҳридагидан қарийб 27 баробар кам.

Тиббий хизматлар таркиби

Мазкур даврда кўрсатилган тиббий хизматларнинг 53,3 фоизини бошқа соғлиқни сақлаш хизматлари ташкил этган. Шифохона хизматлари улуши 32,3 фоизни, шифокорлик амалиёти ва стоматология хизматлари эса 14,4 фоизга етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мамлакатда тиббиёт соҳасига ажратиладиган маблағ 49 трлн сўмга етганди.

Teglar

Mavzuga oid